Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлар бўйича дастури билан ҳамкорликда 2021 йилнинг 2-3 август кунлари “Қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштироки: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад – фуқаролик жамияти институтларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этилаётган қонун лойиҳалари ва қонун ижодкорлиги фаолиятидаги ролини ошириш, шу жумладан, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда фуқаролик жамияти институтларининг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги иштироки даражасини баҳолаш имконини берувчи асосий кўрсаткичларни аниқлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, Юристлар малакасини ошириш маркази вакиллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, Ёшлар парламенти, Ёш қонуншунослар клуби ва USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлар бўйича дастури, ННТ вакиллари ҳамда хорижий экспертлар ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д. Файзиева, Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ф. Боқиев, Давлат ва ҳуқуқ институти директори М. Тургунов кириш сўзлари билан тадбирни очиб бердилар.
Қонунчилик муаммолари институти директори Ф. Отахонов Қонун ижодкорлигида жамоатчилик иштирокининг ҳуқуқий асослари, жамоатчилик иштирокининг шакллари, институционал кўринишлари, воситалари ҳамда мазкур соҳадаги долзарб масалаларга иштирокчиларнинг эътиборини қаратган ҳолда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича муҳокама майдонига айланган regulation.gov.uz порталининг ўзига хос жиҳатлари ва унинг бугунги кундаги натижалари ҳақида сўз юритди.
Давлат ва ҳуқуқ институтининг бўлим бошлиғи М. Баратов “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан молиялаштириш: шаффофлик ва рақобатни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари” мавзусидаги маърузасида Ўзбекистоннинг сўнгги
4 йил тараққиёт йўлида давлат томонидан ННТларни қўллаб қўвватлаш бўйича чуқур институционал ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги ҳамда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя Қонун ижодкорлиги жараёнига тобора чуқур кириб бораётганлигига алоҳида урғу берди.
Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори С. Ходжаева Фуқаролик жамияти институтларининг замонавий қонунчилик жараёнидаги ўрни. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари тажрибаси тўхталиб, қабул қилинган қонунларнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва қонунларнинг халқчил бўлиши учун унинг яратилишидан бошлаб токи қабул қилингунига қадар бўлган жараёнларда ННТлар ролини ошириш мамлакатдаги олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг кўзгусига айланиб улгурганини қайд этди.,
Халқаро нотижорат ҳуқуқи маркази (ICNL) вице-президенти Н. Боржелли Қонунчилик фаолиятида жамоатчилик иштироки даражасини баҳолашнинг энг яхши амалиёти ва механизмлари бўйича халқаро тажрибага тўхталиб бу борада хорижий давлатлар томонидан яратилаётган ҳуқуқий платформалар, COVID-19 пандемия шароитида жамоатчилик вакилларини ҳуқуқларини химоя қилиш демократик жамият учун муҳим эканлиги таъкидлаб ўтди.
Мавзу юзасидан 2 та ишчи гуруҳлар ташкил этилди ва таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича иш бошлади, шу билан тадбирнинг биринчи куни якунланди.