Оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Маълумки, Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилиниб, маъқулланган эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур Қонун имзоланиб, кучга кирди.

Таъкидлаш жоизки, жамоавий иммунитетни шакллантириш учун аҳолининг 60-80 фоизи эмланиши талаб этилади. Қолаверса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда халқаро экспертлар томонидан коронавирусга қарши курашиш ва унинг янги тўлқинларининг олдини олиш оммавий вакцинация орқали муваффақиятли ташкил этилиши мумкинлиги юзасидан тавсиялар берилган.

Ўз ўрнида, ҳозирги кунга қадар мажбурий вакцинация амалиёти Франция, Греция, Австралия, Италия, Латвия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда жорий этилган.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар доирасида профилактик эмлашлар ўтказишни жорий этиши мумкинлиги назарда тутилган.

Бош давлат санитария врачининг 2021 йил 19 июлдаги қарори билан 2015 йил 15 мартдаги Эпидемиологик кўрсаткичлар асосида эмлаш календарига қўшимча киритилиб, 14 та аҳоли қатлами вакилларига мажбурий вакцинация жорий этилди.

Шу билан бирга, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунда фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Атроф-дагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга мазкур розиликсиз тиббий ёрдам кўрсатилиши бундан мустасно.

Бироқ ушбу Қонунда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги юзасидан норма мавжуд эмас эди. Шунингдек, амалдаги қонунчиликда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлашдан бош тортган шахсларга нисбатан чеклов чоралари назарда тутилмаганди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида қуйидагилар назарда тутилган:

Биринчидан,  “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилган;

Иккинчидан,  Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги назарда тутилган.

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу Қонун билан коронавирус инфекциясининг янги тўлқинларининг олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади ҳамда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.  

Манзура САЛИМОВА,

Олий Мажлис Сенати

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш

масалалари қўмитаси аъзоси.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan