Яратиб берилаётган молиявий ва иқтисодий шароитлардан ҳамма ҳудудлар ҳам бир хилда фойдаланмаяпти – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Президент раҳбарлигида йил охирига қадар ҳудудлар ва тармоқларда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича аниқ чораларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Қайд этилганидек, ўтган 6 ойда ялпи ички маҳсулот 6,2 фоизга ўсган. Бунга асосан саноат – 8,5 фоиз, инвестициялар – 5,9 фоиз ва хизматлар ҳажми – 8 фоизга ошгани ҳисобига эришилди. Инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этди.

Ушбу даврда жами 200 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Шундан Навоий кон-металлургия – 26 триллион сўм, тўқимачилик – 15 триллион сўм, Олмалиқ комбинати – 14,5 триллион сўм, электр энергияси корхоналарида 11 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Уларнинг улуши жами саноатда 37 фоизни ташкил қилди.

Саноатда юқори ўсиш суръатлари Қашқадарёда – 26 фоиз, Сирдарёда – 23, Жиззахда – 15, Тошкент шаҳрида – 14 ва Наманганда – 12 фоизни ташкил этди.

Иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда давлат ресурслари ҳам ҳал қилувчи омил бўлмоқда.

Саноат тармоқларига бир ярим йил давомида 50 триллион сўмдан зиёд божхона имтиёзлари ва тариф преференциялари берилган.

Биргина автомобиль саноатига 9,5 триллион сўмлик, нефт-газ тармоғига 2,8 триллион сўмлик божхона имтиёзлари тақдим этилган.

Яратиб берилаётган молиявий ва иқтисодий шароитлардан ҳамма ҳудудлар ҳам бир хилда фойдаланмаяпти.

Жумладан, ҳудудий саноат ҳажми Сирдарёда – 41 фоиз, Хоразмда – 33 фоиз, Наманган ва Сурхондарёда – 24 фоиз юқори даражада ўсган.

Бироқ, Тошкент шаҳрида, Тошкент вилояти, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Қорақалпоғистон ва Сирдарёда ҳудудий саноат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажмлари пасайган.

Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида биринчи ярим йилликда прогнозга нисбатан 2,5 баробар кўп ёки 5 минг 246 та лойиҳа амалга оширилган.

Ҳисобот даврида мамлакатда жами 53 минг янги кичик тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, ўтган йилга нисбатан 14 фоизга ошган.

Бироқ, янги ташкил этилган корхоналар сони Сурхондарёда, Андижонда, Сирдарёда , Хоразмда камайган.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan