Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда партиянинг навбатдан ташқари III-съездини чақириш, съезднинг кун тартиби ҳамда унга делегатларни сайлаш меъёри, ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларини ўтказиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Қайд этиш лозим, 2021 йилда мамлакатимизда биринчи маротаба Президент сайлови Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтказилмоқда. 2021 йил 23 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бошланиши эълон қилинди.
Пленумда Янги Ўзбекистон тарихида илк бор янги сиёсий куч –Ўзбекистон Экологик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштирок этиши билан боғлиқ масала муҳокама қилинди.
Мамлакатда тобора долзарб бўлиб бораётган экологик муаммоларни ҳал этиш, жамиятда аҳолининг эътиборини экологик муаммолар ва уларнинг ечимига қаратиш, инсон саломатлигини асраш ва соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасида жамият олдида турган ўта муҳим масалаларни ҳал этишни ўз зиммасига олган ҳолда партиянинг мазкур сайловда қатнашиши тўғрисида пленум қарори қабул қилинди.
Шунингдек, ушбу долзарб масалаларни ўзида акс эттирган дастур билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиши учун партия ўзининг бўлажак номзодини съезд муҳокамасига киритиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Экопартиядан президентлик cайловида иштирок этиш учун партия раиси Нарзулла Обломуродов номзоди илгари сурилди. Партиянинг съездини жорий йил август ойининг охирида Тошкент шаҳрида чақириш бўйича қарор қабул қилинди.
Пленумда сўзга чиққан марказий кенгаш аъзолари, партия фаоллари бу масалада таклиф этилаётган номзод ҳамда унинг олдида турган муҳим вазифаларни бажаришда биргаликда ҳаракат қилиш лозимлиги бўйича таклифлар билдирди.
Ўзбекистонда сиёсий партиялар ва фуқаролар сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча зарур шароит яратилгани, Янги Ўзбекистондаги президент сайлови Сайлов кодекси асосида кўп партиявийлик, партиялараро эркин рақобат, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, пленумда Ўзбекистон Экологик партиясининг янги намунадаги рамзи тасдиқланди, партия марказий кенгаши таркибига ўзгартишлар киритилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича ҳудудий партия ташкилотлари олдига тегишли вазифалар қўйилди. Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши пленуми тегишли қарорларни қабул қилди.