Маслаҳат учрашувлари – минтақавий мулоқотнинг самарали механизми – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш масаласи доимо диққат-эътиборимиз марказида бўлиши лозимлигини бот-бот таъкидлаб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Мурожаатномасида ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз ташаббуси билан мазкур йўналишда юритилаётган оқилона сиёсат самарасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилгани минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим механизм ва мулоқот майдони вазифасини ўтамоқда.

Марказий Осиё ўзининг қулай жуғрофий жойлашувига кўра асрлар давомида жаҳон миқёсидаги геосиёсий жараёнлар марказида бўлиб келган. Минтақа доимо бой маданий-тарихий мероси билан Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ноёб чорраҳа вазифасини ўтаган.

Сўнгги йилларда Президентимизнинг изчил саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат, дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муҳити мустаҳкамланди. Яқин-яқингача ўзаро муносабатларда баъзи мавзуларда гапириш ноқулай ҳисобланган бўлса, ҳозир бирор ёпиқ мавзу қолмади. Ҳатто энг мураккаб масалаларни, хоҳ у трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўлсин, хоҳ чегараларни делимитация ва демаркация қилиш ёки чегара пунктларини кесиб ўтиш бўлсин, барча турдаги муаммоларни томонлар очиқ ва дўстона руҳда ҳал қилишга интилмоқда.

Бу борада Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларининг минтақа халқларини бирлаштиришдаги ролини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур учрашувлар минтақада хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг турли йўналишларини биргаликда ҳал қилиш учун самарали мулоқот механизмига айланди.

Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва унинг институционал механизмларини яратиш йўлида олдин ҳам бир-неча бор уринишлар бўлган эди. Бунга мисол сифатида ўтган асрнинг 90-йилларида минтақада пайдо бўлган турли интеграцион лойиҳалар, хусусан, Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти, Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти ва Марказий Осиё иттифоқи каби ташкилотларни келтириш мумкин. Бироқ бундай интеграцион лойиҳалар пировардида ҳеч қандай натижасиз якунланган. Бунинг қатор объектив ва субъектив сабаблари бор, албатта. Ушбу интеграцион лойиҳаларни рўёбга чиқариш йўлида ғов бўлган тўсиқлардан бири эндигина мустақилликка эришган Марказий Осиё мамлакатларида миллий давлатчиликни шакллантириш билан боғлиқ жараёнлардир. Ўшанда барча давлатлар “ўз ёғига ўзи қоврилиб”, ички муаммолар гирдобида қолиб кетган ва минтақавий ҳамкорлик масалаларига унчалик эътибор қаратилмаган эди. Қолаверса, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида минтақа давлатлари ўртасида иқтисодий алоқалар ҳам анча секинлашиб, товар айирбошлаш ҳажми кескин тушиб кетганди. Шу каби омиллар минтақавий ҳамкорликни анча заифлаштирди.

Ҳозир минтақа мамлакатлари муаммоларга якдил жавоб қайтариш, уларни ҳал этишнинг самарали йўлларини биргаликда излаш ва тараққиёт учун ҳамжиҳатликда интилиш йўлида дадил ҳаракат қилмоқда. Айниқса, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон етакчисининг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли илгари анча тарқоқ ва ўта зиддиятли ички муносабатларга эга бўлган Марказий Осиё халқаро майдонда яхлит бир жуғрофий-сиёсий макон сифатида гавдалана бошлади.

Маслаҳат учрашувлари — самарали мулоқот майдони

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам равишда ўтказиб туриш ташаббуси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди. Биринчи маслаҳат учрашуви 2018 йил 15 март куни Нурсултон шаҳрида бўлиб ўтди. Олий даражадаги учрашувда минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Шунингдек, бу учрашувда таъкидланганидек, Марказий Осиё мамлакатлари халқларини кўп минг йиллик қардошлик ва яхши қўшнилик ришталари боғлаб туради. Тарих, дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради. Минтақамизда дунё тамаддуни ривожига улкан таъсир кўрсатган ноёб маданият ва тараққиёт мавжуд бўлиб, бу Марказий Осиё мамлакатларининг умумий келажаги, барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминлашда мустаҳкам пойдевор бўла олади.

Анжуманда Президентимиз нутқ сўзлаб, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда Марказий Осиё давлатларининг савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, бу борада мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, умумминтақавий муаммоларга биргаликда ечим топиш мақсадида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувини доимий ўтказиш эндиликда анъанага айланиши кераклигини таъкидлади. Минтақавий хавфсизлик, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, давлат чегараларини делимитация қилиш, минтақада сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида инновацион фаолият йўналишида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, давлатлар ўртасида экспорт-импорт масаласида бир-бирини қўллаб-қувватлаш, маданий-гуманитар алоқалар, дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокамалар марказида бўлди. Терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва наркотрафикларга қарши кураш, техноген, экологик фожеалар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда ҳамкорликда ҳаракат қилиш, божхона тарифларини соддалаштириш, минтақалараро ички сайёҳликни ривожлантириш каби устувор масалалар ҳам кун тартибидан ўрин олган эди. 

Умуман, илк маслаҳат учрашуви жуда самарали ўтди. Томонлар бу каби учрашувлар ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаб, кейинги маслаҳат учрашувини 2019 йилда Тошкентда ўтказишга келишиб олди. 2019 йилнинг 29 ноябрда пойтахтимизда бўлиб ўтган иккинчи маслаҳат учрашувида бешта мамлакат етакчилари Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ягона нуқтаи назарга келиш зарурлигини эътироф этиб, унинг асосий йўналишлари ҳақида фикр алмашдилар ва қатор муҳим ташаббусларни илгари сурдилар. Давлатимиз раҳбари мазкур учрашув давр тақозоси эканига, томонларнинг яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва шерикликни кенгайтиришга интилиши ифодаси эканига эътибор қаратиб: “Яратганнинг инояти билан биз қўшнилармиз. Халқларимизнинг тарихи ва тақдири, келажаги чамбарчас боғлиқ. Бу эса минтақамизни бирлаштирувчи катта кучдир”, деб алоҳида қайд этди.

Тошкент учрашувида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш, катта бозорга эга, табиий хомашё ва инсон ресурслари салмоқли бўлган минтақанинг имкониятларини тўлиқ ишга солиш, қўшилган қиймат занжирини шакллантириш, минтақа ичидаги савдо ҳажмини кўпайтириш, иш ўринларини яратиш мақсадида иқтисодиётнинг турли тармоқларида янги йўналишларни аниқлаш ва кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, минтақанинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, минтақанинг туризм салоҳиятини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Президентимиз Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари инвестициявий форумини ташкил этиш, савдо-саноат палаталари раҳбарлари учрашувларини ҳар йили ўтказиш таклифини илгари сурди. Давлатимиз раҳбари, шунингдек, сувдан фойдаланиш борасидаги муаммоларни ҳал этишга доир ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишни таклиф этди. Афғонистонда тинчлик, миллий муроса ва иқтисодий тикланишга эришишга кўмаклашиш йўлида минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳим эканини таъкидлади.

Иккинчи маслаҳат учрашуви барча мамлакатлар манфаатларининг ўзаро муштараклиги, уларнинг минтақавий тараққиётнинг энг долзарб масалалари бўйича очиқ мулоқот ва биргаликда қарорлар қабул қилишга тайёр эканини яна бир тасдиқлади. Президентимиз музокаралар анъанавий дўстлик ва ўзаро англашув руҳида ўтгани давлат раҳбарларининг минтақада ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлашга бўлган интилиши ва қатъий сиёсий иродасининг яққол ифодаси бўлганини таъкидлади. Тошкент саммити якунида маслаҳат учрашувларининг илк ҳуқуқий ҳужжатлари – қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда маслаҳат учрашувларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш регламенти маъқулланди.

Ҳамкорликнинг ижобий динамикаси – минтақавий тараққиётнинг бош омили

Сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик жараёнларининг фаоллашуви Марказий Осиё давлатлари ўртасида барқарор ва изчил ўсишни таъминлаш имконини бермоқда. Минтақада савдо айланмаси ҳажми сезиларли даражада ўсиши, ташқи инвестициялар  оқими кескин ортиши кузатилмоқда.

Масалан, биргина Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 2020 йилда 5 миллиард долларни ташки этди. Ҳолбуки, бу рақам 2016 йилда 2,5 миллиард долларга ҳам етмас эди. . Жорий йилнинг 6 ойида эса биргина Қозоғистон билан ўзаро савдо ҳажми салкам 2 миллиард долларга етиб, 42 фоизлик ўсиш кузатилди. Ёки бу борадаги ҳамкорлик Тожикистон билан 231 миллион доллар (ўсиш 4 фоиз), Қирғизистон билан 425 миллион доллар (ўсиш 8 фоиз), Туркманистон билан 280 миллион долларни (ўсиш 9 фоиз) ташкил этгани ўзаро алоқалар нечоғли  шиддат билан ўсаётганидан далолат беради. 

Шунга қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштириш йўлида ҳали талайгина ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. Буни олимлар, халқаро экспертларнинг таҳлиллари ҳам яққол тасдиқлайди. Масалан, иқтисодчи олим О.Ҳакимовнинг фикрича, ички минтақавий савдо ҳажмини, айниқса, тайёр маҳсулотлар ҳисобига ошириш улкан истиқболга эга. Халқаро савдо маркази методологияси бўйича қилинган ҳисоб-китоблар Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро савдода 1,1 миллиард доллар, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари борасида 530 миллион, кимё саноатида 180 миллион, металлургия саноатида 120 миллион, енгил саноат товарлари борасида 110 миллион долларлик амалга оширилмаган экспорт салоҳияти мавжудлигини кўрсатмоқда. Демак, амалий саъй-ҳаракатларни янада чуқурлаштириш орқали минтақавий ҳамкорликни бундан-да юқорироқ босқичга кўтариш мумкин. Ҳамжиҳатлик ва фаол саъй-ҳаракатлар кўп қиррали минтақавий ҳамкорлик учун янги ва янги имкониятлар эшигини очади.

Шу нуқтаи назардан, минтақавий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг жорий йил 6 августь куни Туркманистоннинг Аваза сайёҳлик зонасида  бўлиб ўтадиган учинчи маслаҳат учрашувида кенг муҳокама қилинади. Бу галги саммит минтақа мамлакатлари мустақилликка эришганининг қутлуғ 30 йиллик тантаналарига тўғри келаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Бу галги саммитнинг кун тартибидан савдо-сотиқ, транспорт, логистика, энергетика ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ қатор масалалар ўрин олган. Жумладан, энергетика соҳасида ҳамкорлик, янги транспорт йўлакларини яратиш ва бу борада мавжуд имкониятдан самарали фойдаланиш, экспорт-импорт ҳажмини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, пандемияга қарши курашишда минтақа мамлакатлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш каби муҳим масалалар кўриб чиқилади. Афғон жамиятида тотувлик ва тинчлик ўрнатишдан бутун Марказий Осиё давлатлари манфаатдор. Бу муаммо шубҳасиз, саммит кун тартибида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. 

Бундан ташқари, тадбирга қадар Марказий Осиё учун БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази шафелигида минтақамизнинг етакчи аёллари мулоқоти ўтказилгани эътиборга молик. Минтақа мамлакатлари миллий ишлаб чиқарувчиларининг иқтисодий форуми ва саноат маҳсулотлари кўргазмаси, миллий таомлар фестивали каби тадбирлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ҳозирданоқ халқаро экспертлар бу галги анжуманда Ўзбекистон томони илгари сурадиган барча масалалар Президентимизнинг иккинчи Маслаҳат учрашувидаги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясидаги, яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўзаро боғлиқлигига бағишланган халқаро анжумандаги муҳим ташаббуслар руҳига ҳамоҳанг бўлиши ва уларни тўлдиришини тахмин қилмоқдалар.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг минтақада ўзаро ишонч ва яқин қўшнилик муҳитини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлари қўшни давлатлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Маслаҳат учрашувлари қатор минтақавий ташаббусларни илгари суриш ва ҳамжиҳатликда амалга ошириш имконини бермоқда. Энг муҳими, Марказий Осиёнинг барча давлатлари ушбу механизмнинг минтақадаги мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун қулай платформа эканини эътироф этган ҳолда келгусида ундан самарали фойдаланиш учун тайёр эканини изҳор қилмоқда. Бу эса пировардида минтақанинг келажаги порлоқ бўлишига ишонч билан қараш имконини беради.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар 

қўмитаси раиси ўринбосари

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan