Маҳаллий Кенгашларнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Сенати томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларни методик қўллаб-қувватлаш, депутатларнинг амалий кўникмалари ва малакасини ошириб бориш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, маҳаллий кенгашлар, уларнинг доимий комиссиялари ҳамда котибиятлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида Олий Мажлис Сенати раҳбарияти, қўмита аъзолари иштирокида ўқув-семинарлар ташкил этилди. Депутатлар фаолиятини тўғри ва самарали йўлга қўйиш ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларининг депутат сўрови билан ишлашлари бўйича алоҳида услубий қўлланмалар тайёрланиб, ҳар бир маҳаллий депутатга етказиб берилди.

Бугунги бўлиб ўтган семинарда Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 30-31 июль кунлари бўлиб ўтган ўн еттинчи ялпи мажлисида қабул қилинган қарорларни амалиётга татбиқ этишда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Хусусан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, бу борада депутатлик назоратини кучайтириш, Президентимизнинг ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда жойларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этишда маҳаллий кенгашлар олдидаги вазифалар, шунингдек, маҳаллий кенгаш ишини Сенат қарори билан тасдиқланган Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг намунавий регламенти ҳамда доимий комиссиялар тўғрисидаги намунавий низом асосида ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Семинарда дастлаб, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан амалга оширилиши лозим вазифалар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Жумладан, жойларда сайёр қабуллар ўтказиш амалиётини кўпайтириш орқали ҳудудлардаги депутатлар нуфузини  ошириш ва энг муҳими у ерда истиқомат қилаётган аҳолини ўйлантираётган масалаларни ижобий ечиш мумкинлиги қад этилди. 

Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижросини ташкил этишда маҳаллий кенгашлар ролини ошириш, маҳаллий кенгашлар сессияларида ҳар ойда ҳокимлар ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича ҳисоботларини эшитиш, улар фаолиятига танқидий баҳо берган ҳолда зарурият бўлганда лавозимига лойиқлик масаласини кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш, маҳаллаларда депутатлар сайёр қабулларини ташкил қилиш, мурожаатлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, депутат сўровларини шакллантириш, кенгашнинг назорат ва ўрганиш тадбирларини режалаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Маълумки, Сенат қарори билан жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилди. Ушбу рейтинг мезонлари бўйича баҳолашнинг ҳаққонийлигини таъминлашда депутатларнинг фаол иштирок этиши қайд этилди.

Шунингдек, фаол ва ташаббускор ёшлар орасидан янги авлод захира кадрларини шакллантириш, уларни депутатлар, сенаторларга бириктириш, маҳаллий кенгашларда “Ёшлар парламенти вакиллари мактаби”ни ташкил этиш, фаолиятни самарали йўлга қўйиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида тасдиқланган маҳаллий кенгашларнинг намунавий регламенти, доимий комиссиялар тўғрисидаги намунавий низом асосида ҳар бир кенгаш ўз регламенти ҳамда доимий комиссиялари тўғрисидаги низомни янгидан тасдиқлаши, доимий комиссиялар таркибини қайта шакллантириши лозимлиги таъкидланди.

Семинарда ҳудуд масъуллари сўз олиб, бир қатор долзарб таклифларни ўртага ташлади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш мақсадида банк филиалини очиш, Республикадаги мавжуд 25 минг туғиш ёшидаги аёллар ва 1 ёшгача бўлган болалар учун тоза ичимлик сувини етказиб бериш, мамлакатимиз мактабларида овқатланишни ташкил этиш, электрон парламент платформасини яратиш, туман сессияларини барча учун очиқ ва шаффоф тарзда онлайн намойиш этиш каби бир қатор ташаббуслар шулар жумласидандир.   

Йиғилиш якунида бу ишларни ташкил этишда Олий Мажлис Сенати қўмиталари олдидаги вазифалар, уларнинг ижроси, маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари ҳамда Сенат қўмиталари ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan