Инсон шаънини оёқ ости қилганларга – жазо муқаррар! – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Азалдан мамлакатимизда аёл зоти муқаддас дея эътироф этилиб, қадрланиб келинади. Бизнинг жамиятимиз ҳамда қонунчилигимизда хотин-қизлар тенг ҳуқуқли ва уларни камситишга, таҳқирлашга йўл қўйилмайди. Лекин, сўнги пайтларда интернет тармоқларида аёлларни камситишга уринишлар ҳақидаги хабарлар кишини жиддий таажубга солмоқда. Кечагина Qalampir.uz журналисти Феруза Нажмиддиновага нисбатан уюштирилган бўҳтон ҳам, ана шундай номақбул акциялардан бири бўлди, десак хато бўлмайди.

Наҳотки, бундай ярамас видеоларни тарқатиб, яна аниқ бўлмаган воқеани оилали, инсофли, диёнатли аёлнинг номига ағдариб, туҳмат, бўҳтонни амалга оширган одамни ҳам она дунёга келтирган бўлса? Бундай инсонларни одам, инсон дейишга ҳам тилинг бормайди. Ўзида озгина виждони, иймони бор одам бундай ғаламис ишга қўл урмайди ва бировнинг дилини оғритмайди – бўҳтон қилмайди.

Ўзбек аёлининг шаъни, қадр қимматининг топталиши миллатимизга отилган тош, деб баҳолайман.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам, бошқа қонун ҳужжатларида ҳам инсоннинг шаъни ва ор-номуси дахлсиз эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳеч бир шахс бошқа бир инсонни камситиши, обрўсизлантириши, ҳақорат қилиши, таҳқирлаши мумкин эмас. Башарти, қонунга зид ҳаракат содир этилдими, демак бунинг учун тегишли жазо чораси қўлланилиши шарт ва ишончим комил, худди шундай бўлади ҳам.

Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали хабар беришича, видеолавҳани ясаб, ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали журналистни обрўсини тўкишга ҳаракат қилган фуқароларни аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар давом этмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми, “г” банди ҳамда 1412-моддаси 2-қисми, “в” банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Жиноятчилар ўз жазосини олиши муқаррар.

Хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга астойдил бел боғлаган, ўз атрофида кучли, иродали ва билимли хотин-қизларни бирлаштира олган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг депутати, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари ҳамда аёл, она сифатида ҳуқуқ тартибот органларидан видеолавҳани ижтимоий тармоқларда тарқалишига сабабчи бўлганлардан ташқари журналист Ф.Нажмиддиновага нисбатан бўҳтонни уюштирган қонунбузарларга нисбатан тегишли қонуний чора кўрилишини ва бу чора ҳақида кенг жамоатчиликни тўлиқ ва ўз вақтида хабардор қилишларига ундаб қоламан.

Шу билан бирга, шахснинг шахсий ҳаёти билан дахлдор видео ва фотоматериалларни тасвирга олиш, ишлов бериш ва тарқатиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларга нисбатан жиноий жавобгарлик чораларини кучайтиришни таклиф қиламан.

#Men_Feruzaman

Зуҳра ИБРАГИМОВА
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan