Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бугун, 10 август куни Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси, Кенгаш раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишда Кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.

Йиғилишда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича 2021 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг биринчи ярим йилликдаги ижроси, Жаҳон иқтисодий форумининг Глобал рақобатбардошлик индексида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини акс эттириш бўйича чора-тадбирлар режасининг ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ҳолатини аниқлашнинг самарали механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, сўнгги уч ой давомида бир қатор халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрни яхшиланди. Хусусан, «S&P» Global Ratings томонидан юритиладиган суверен кредит рейтингида мамлакатимиз рейтинг прогнози “салбий”дан “барқарор”га оширилди. Парламентлараро иттифоқ томонидан юритиладиган “Сиёсатдаги аёллар” жаҳон рейтингининг “Парламентдаги аёллар” қисмида Ўзбекистон 130-ўриндан 45-ўринга кўтарилди. Жаҳон хайрия индексида 114 та давлат орасида мамлакатимиз 53-ўриндан 29-ўринга, яъни деярли икки баравар кўтарилди.

Бироқ кўплаб ташаббус ва ғоялар қоғозда қолиб кетаётгани, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўрсаткичлари халқаро рейтинг ташкилотларига етказиб берилмаётгани натижасида рейтинг ташкилоти ҳисоботни тайёрлашда эски маълумотлардан фойдаланаётгани ва бу Ўзбекистоннинг  халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. 

Йиғилишда Республика кенгаши томонидан 532 банддан иборат 2021 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланган бўлиб, биринчи ярим йилликда ижтимоий-иқтисодий соҳада бажарилиши белгиланган 272 та банддан 76 таси бажарилганлиги, 188 таси бажарилаётганлиги ва 8 таси бажарилмаганлиги, сиёсий-ҳуқуқий соҳада 86 та банддан 32 таси бажарилганлиги, 50 таси бажарилаётганлиги ва 4 таси бажарилмаганлиги таъкидланди.

Хусусан, Қурилиш вазирлиги томонидан илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида миллий ва чет эл суғурта бозори вакиллари билан биргаликда лойиҳа-қидирув ва қурилиш фаолиятига суғурталаш тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган бўлса-да, улар ҳали ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритилмаган.

Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аграр тармоқ учун товар ишлаб чиқарувчилари фаолиятига давлат аралашувини камайтириш чораларини кўрмагани, уларга мажбурият юкловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказмагани ва оптималлаштириш ишларини олиб бормагани танқид қилинди.

Хусусан, Маданият вазирлиги концерт ва кўнгилочар лицензия эгалари фаолиятини баҳолаш учун ягона портал ишлаб чиқилишида молиявий масалалар мавжуд экани ва бу масъуллар томонидан ижобий ҳал этилиши айтиб ўтилди.

Йиғилишда Жаҳон иқтисодий форумининг Глобал рақобатбардошлик индексида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини акс эттириш бўйича чора-тадбирлар режасининг ижроси ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, чора-тадбирлар режасининг 19-бандида 2020 йилнинг 1 августига қадар кластер сиёсатини ривожлантириш бўйича ягона концепция ҳамда “Кластерлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган бўлса-да, ушбу ҳужжатлар 1 йилдан бери қабул қилинмаган.

Бундан ташқари, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ҳолатини аниқлашнинг самарали механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси кўриб чиқилди.

Муҳокама давомида ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини аниқлаш учун зарур бўлган статистик маълумотларни “Huquq ustuvorligi” автоматлаштирилган ахборот тизимига (huquq.indikator.uz) киритишда мутасадди ташкилотлар томонидан сусткашликка йўл қўйилаётганлиги жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу жумладан, Энергетика вазирлиги, Санитария-эпидемиологик хизмат, Мажбурий ижро бюроси, Савдо-саноат палатаси, “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси, Жамоатчилик палатаси, қолаверса, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан умуман маълумот киритилмагани танқид қилинди.

Бу эса Тизимга киритилган маълумотларни умумлаштирган ҳолда ўтган ҳисобот йили учун Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини ўз вақтида тузиш имконини бермаётгани таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда масъул вазирлик ва идоралар ахбороти эшитилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва белгиланган вазифалар ижроси юзасидан бир ой муддатда Республика кенгашига тегишли ахборот киритилиши вазифаси қўйилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan