“Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон анжумани ўз ишини бошлади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 12 август куни “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон анжумани ўз ишини бошлади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ва халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган ташаббус асосида ташкил этилиб, унда 30 дан ортиқ хорижий давлатларнинг вакиллари қатнашмоқда.

Конференцияда қутлов сўзи билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.

Қайд этилганидек, давлатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Мамлакатимизда кейинги 5 йилда ёшлар ҳуқуқлари ва манфаатларини кўзлаган 50 дан ортиқ қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлса,  биринчиси айнан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бўлган.  

Бундан ташқари Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Бугунги кунда Олий Мажлис палаталарида Ёшлар парламентлари ташкил этилган. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида 260 нафардан ортиқ ёш депутатлар фаолият олиб бормоқда.

Республикамизда ёшларни билим олиши, маданият, санъат, спорт, китобхонлик ва компьютер технологияларини ўрганишга кенг жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилди.

Шунингдек давлатимиз раҳбари томонидан Туркманистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашувида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, келгуси йили Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш таклиф этилди.

Тадбир очилишида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари М. Бачелет, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби М. Чунгонг ва бошқа халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари сўзга чиқди.

Икки кун давом этадиган анжуман доирасида учта ялпи мажлис ва паралел сессиялар ўтказилиб, СOVID-19 пандемияси ёшларнинг заиф гуруҳларига таъсир ўтказаётган ҳозирги шароитда навқирон авлоднинг ўз мамлакатлари ривожланишидаги иштироки, ёшларнинг сифатли таълим олиш ва ишлаб чиқаришда банд бўлишга тааллуқли имкониятларини рағбатлантириш чора-тадбирлари, йигит-қизларнинг ўз ҳаёт тарзига таъсир ўтказадиган қарорларни қабул қилишда қатнашиши каби масалалар атрофлича кўриб чиқилади.

Шунингдек иштирокчилар ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун мавжуд халқаро механизмларни такомиллаштириш истиқболларини муҳокама қиладилар.

Тадбир якунида Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш бўйича декларация қабул қилиш режалаштирилган.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan