Жорий йилнинг 11 август куни Президентимиз бола тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ҳужжатни имзолади. “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилалар моддий таъминотини кучайтиришга доир қатор масалалар ўз ифодасини топган.
Фармон матни билан танишар эканман, унда 1 сентябрдан бошлаб 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилишини ўқиб, мамлакатимизда ҳеч бир фуқаро давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда эмаслигига, янги Ўзбекистонда инсон қадри ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигига амин бўлдим.
Масалан, биргина болалар нафақасини тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача, тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилиши, унинг миқдори эса оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланиши қанчадан-қанча ота-оналарни мамнун этди, тўлқинлантириб юборди.
Якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланиши ҳамда 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг миқдорлари белгиланиши кўплаб оилаларнинг дилидаги гап бўлди.
Фармонда жорий йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунигача, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинини ҳам назарда тутилмоқда.
2021 йил 1 октябрдан бошлаб эса “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилиши белгиланди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фармонда белгиланган устувор вазифаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакатдаги етакчи сиёсий куч сифатида кам таъминланган оилаларни муносиб иш билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим устуворлиги сифатида ишсизлик даражасини қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.
Албатта, жараёнга жиддий ёндашув бежиз эмас. Чунки бола тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилалар моддий таъминотини кучайтириш энг асосий масалалардан биридир. Ушбу фармоннинг сўзсиз ижроси эса эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади. Шу жиҳатдан унинг аҳамиятини аҳоли орасига кенг тарғиб қилиш, жойларда унинг ижросини ташкил этишда фаол иштирок этишимиз лозим.
Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати