Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси таҳлили ва тафсилоти
Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доим давлатимиз ва жамиятимиз эътибори марказида бўлиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил аввалида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Женевадаги юксак минбарида туриб, Ўзбекистонда 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинганини алоҳида таъкидлагани ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида айни йўналишда қатор ташаббусларни илгари сурди:
биринчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;
иккинчидан, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
учинчидан, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш таклифлари билдирилди.
Бугунги кунда халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган ана шу ташаббусларнинг барчаси изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йил 12–13 август кунлари Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида ўтказилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси бунинг ёрқин далолатидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу халқаро анжуманни ўтказиш вазифаси, аввало, Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга доир давлат дастурида белгилаб берилганди. Бу вазифа, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги ташаббуси ва таклифларини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасида ҳам кўзда тутилган.
Халқаро анжуман арафасидаёқ ташкилотчилар томонидан Бутунжаҳон конференциясининг расмий веб-сайти (http://www.youthforum.uz/) ишга туширилди. Сайтда ёшлар ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқларига оид ўндан ортиқ видеоролик, расмий ҳужжатлар ва адабиётлар, шунингдек, конференция якуний ҳужжатининг лойиҳаси жойлаштирилди.
Конференциянинг икки кунлик иши давомида 67 нафар маърузачи сўзга чиқди. Шундан 49 нафари хорижий экспертлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари ҳисобланади. Миллий маърузачилар 18 нафар бўлиб, 10 нафари ёшлардир.
Халқаро анжуманнинг 3 та ялпи ҳамда 3 та параллел сессияларида 30 дан ортиқ иштирокчи мунозараларда иштирок этди. Ушбу қизғин мунозара ва мушоҳадалар, ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Конференция тафсилотлари 50 дан ортиқ миллий ва 30 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритилди. Халқаро анжуман иши ҳақида интернет ва ижтимоий тармоқларда, хусусан, Telegram, Instagram, Facebook, Linkedin, Twitter, Vkontakte ва бошқа тармоқларда ҳам матнли, фото ва видеоахборот тарзида изчил эълон қилиб борилди. Халқаро анжуманнинг иш жараёнлари интернетнинг Ютуб (youtube) канали орқали бевосита жонли эфирга узатилди.
Бутунжаҳон конференциясининг асосий мақсади
Бундан бир йил олдин худди шу кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўтказилганди. Нафақат мамлакатимиз ва минтақамиз, балки бутун сайёрамиз ёшларининг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорлик муҳимлигини алоҳида таъкидлашга қаратилган халқаро анжуманда “Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинганди.
Резолюцияда, жумладан, ёшлар ҳуқуқлари ҳар ким фойдаланиши зарур бўлган, аммо айримлар ёшининг кичиклиги туфайли бундай имкониятдан маҳрум этилган ҳуқуқлар экани қайд этилган. Ушбу ҳужжат ҳозирги даврда давлатларнинг ривожланиши билан боғлиқ барча жараёнларга ёшларни янада кенг жалб этиш зарурлигининг ҳар томонлама тасдиғидир.
Шу маънода, яқинда бўлиб ўтган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси, шубҳасиз, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг мантиқий давоми ҳисобланади. Чунки Тошкент халқаро анжуманини ўтказишда ёшлар ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида янги ғоялар, устувор соҳалар, амалий ечимлар ва янгиликларни муҳокама қилиш учун платформа яратиш ва умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш асосий мақсад сифатида белгилаб олинди.
Бугун дунёда ёшлар аҳолининг мисли кўрилмаган даражада кўпчилик қисмини, яъни 2 миллиард нафарни ташкил қилмоқда. Бу аксарият мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аҳолининг ўсиб борадиган катта қисми ёшлардан иборат, деганидир.
БМТ доирасида ва ундан ташқаридаги мулоқот майдонларида ёшлар масаласи тез-тез муҳокама марказига қўйилмоқда. Аммо глобал ривожланиш даврида олдинга қараб қадам қўйиш зарурати мавжуд.
Жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга расмий ташриф буюрган таниқли сиёсатчи, Парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг суҳбат чоғида бир фикрни афсус билан таъкидлади. Сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмас экан. Олий мартабали меҳмон Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолади. Бу — катта эътироф, албатта.
Парламентлараро Иттифоқнинг “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” деган эзгу ташаббуси доирасида илк бор Ёшлар парламентлари аъзолари билан халқаро давра суҳбати ўтказилди. Ушбу ташаббус асосида сиёсий етук ва фаол йигит-қизларни миллий парламент ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенг жалб этамиз.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Халқаро ёшлар куни муносабати билан йўллаган табригида шундай деб таъкидлади: “Мен ёшлар вакилларига музокаралар даврасида иштирок этишлари учун ёнимиздан жой ажратишни ҳар бирингиздан қатъий сўрайман. Токи улар ҳамма учун кенг қамровли, адолатли ва барқарор ривожланишга таянадиган ҳаёт барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизда имкон қадар бизга елкадош бўлсинлар”.
Ўз навбатида, ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуле Халқаро ёшлар кунига бағишланган мурожаатида ҳозирги кунда юзага келган мураккаб вазиятда, коронавирус пандемияси билан боғлиқ шароитга қарамасдан, бутун инсониятнинг келажаги ҳисобланувчи ёшларни қўллаб-қувватлашга чақирди. “Бунда навқирон авлоднинг фавқулодда ақл-тафаккури, креативлигини ишга сола билишимиз керак, — деди О.Азуле. — Зеро, аксарият ҳолларда айнан ёшлар ўзларини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг қулай йўлларини биринчилардан бўлиб бизга таклиф этишлари бежиз эмас”.
Чиндан ҳам, Барқарор ривожланиш мақсадларига қанчалик эришишимиз бугунги ва эртанги ёшларга бевосита боғлиқ. Шу боис, Бутунжаҳон конференцияси доирасидаги муҳокамаларнинг ечими, содда қилиб айтганда, “Ёшларнинг ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга қандай қилиб кўмаклашиш мумкин?” деган саволга аниқ жавоб топишга ва шу мавзу билан боғлиқ муаммоларга амалий ечимлар таклиф этишга қаратилди.
Бутунжаҳон конференциясининг ўзига хос хусусиятлари
Биринчидан, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси БМТ томонидан эълон қилинган тарихий сана, яъни 12 август — Халқаро ёшлар кунида иш бошлади.
Иккинчидан, Тошкент халқаро анжуманининг ташкил этилиши 2021 йил Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани муносабати билан мамлакатимизда биринчи марта ўтказилган Ёшлар форуми ва фестиваллари миллионлаб ўғил-қизларимиз ҳаётида ёрқин из қолдирган жўшқин даврга тўғри келди.
Учинчидан, Бутунжаҳон конференцияси ишида БМТ ва ушбу нуфузли ташкилотнинг бутун дунёдаги тузилмалари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлардан олий даражадаги вакиллар иштирок этди.
Тўртинчидан, халқаро анжуман сайёрамиздаги ёшларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга хизмат қилди.
Ана шу тўрт хусусиятнинг ҳар бирида ўзига хос рамзий маъно бор. Қолаверса, Бутунжаҳон конференцияси ҳам шаклан, ҳам мазмунан бетакрор аҳамият касб этди.
Шаклан ёндашганда, пандемия туфайли ёшларга мос ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, конференция гибрид тарзда — онлайн ва офлайн форматларда ўтказилди. Мазмун жиҳатидан эса, у айнан ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларига бағишлангани билан алоҳида ажралиб турди.
Бутунжаҳон конференциясида қатнашган хорижий иштирокчиларнинг умумий сони — 40 дан ортиқ давлатдан 150 дан зиёд вакил, миллий иштирокчилар эса, 350 дан ортиқ кишидан иборат бўлди. Иштирокчилар орасида:
· 13 та халқаро ва 7 та минтақавий ташкилот;
· 11 та халқаро нодавлат нотижорат ташкилот;
· 15 та хорижий давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари;
· 7 мамлакатдан ёшлар билан ишлаш бўйича парламентлар ва давлат идоралари;
· 5 мамлакатдан таълим ва илмий-тадқиқот институтлари;
· 15 мамлакатдан ёшлар ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари;
· Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 20 дан ортиқ дипломатик миссия вакиллари бор.
Энг асосийси, иштирокчиларнинг 70 фоиздан зиёди ёшлардир, шуларнинг 40 фоизи ёш қизлардир.
Бутунжаҳон ёшлар конференцияси халқаро сиёсатчилар нигоҳида
Бутунжаҳон конференцияси юқори даражада, очиқ ва амалий мунозаралар руҳида ўтди. Даставвал, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, халқаро анжуман иштирокчиларини қутлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг мурожаатини БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Ю Ю ўқиб эшиттирди. Ушбу мурожаатда эътироф этилишича, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг жорий йил бошидаги 46-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таъкидланган ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ишига содиқлиги ва бу борадаги толмас саъй-ҳаракатлари учун БМТ Ўзбекистон ҳукуматининг эзгу интилишларини қўллаб-қувватлайди.
Бош котибнинг мурожаатида таъкидланганидек, “Ёшлар–2030” стратегияси БМТ тарихида дастлабки ялпи тизимли стратегия бўлиб, ёшлар билан ишлаш ва уларнинг манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолиятни янада мустаҳкамлаш бўйича зиммамизга катта мажбурият юклайди. Шу маънода, “Ўзбекистон мазкур стратегияни шиддатли суръатларда амалга ошираётган дунёнинг 10 та мамлакатидан бири эканини эътироф этишга ижозат бергайсиз”, деб алоҳида қайд этди БМТ вакили.
БМТ Ўзбекистонда қисқа вақт ичида Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилга ривожлантириш концепсияси, Ёшлар парламенти, БМТнинг Ёшлар маслаҳат кенгаши ташкил этилгани; 2021 йил — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилингани, ёшларнинг ҳаётий қарорлар қабул қилишдаги иштирокини таъминлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган кўплаб стратегия, дастур ва молиявий воситалар ишлаб чиқилгани ва амалда татбиқ этилаётганини олқишлади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мичель Бачелет ўзининг видеомурожаатида “Бутунжаҳон конференцияси минтақанинг навқирон ёшдаги барча инсонларига барқарор ривожланишга эришишда ёшларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш йўлларини излаш ҳамда бу борада ўзаро тажриба алмашиш учун қулай имконият яратади”, деб қайд этди.
Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги самарадорликни сусайтираётган коронавирус пандемияси ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ таҳдидлардан қатъи назар, жаҳон ҳамжамияти навқирон инсонларни ҳаётимиз фаолиятининг барча соҳаларига жалб этишни кучайтириш борасида изчил иш олиб бориши зарур.
М.Бачелет таъбири билан айтганда, COVID–19 пандемияси ёш авлод ҳаётини жуда мураккаблаштириб юборди. Хусусан, дунё миқёсида талабаларнинг билим олиш тизимини издан чиқарди. Бунинг оқибатида таълим соҳасида шусиз ҳам мавжуд бўлган тенгсизлик янада қалтис тус олмоқда ва ушбу тизим глобал инқироз билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатидаги мажбуриятларини қунт билан бажараётганини мақбуллади. Хусусан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилингани билан табриклар экан, мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ишига содиқлигини эътироф этди.
БМТ Бош котибининг Ёшлар ишлари бўйича элчиси Жаятма Викраманаяке ўз видеомурожаатида “Ўзбекистон ҳукуматининг ёшлар билан энг олий даражада доимий мулоқотга бўлган астойдил интилиши ва навқирон инсонларни ҳаётий қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб этиш борасида эришган ютуқлари юксак баҳолашга муносибдир”, деб таъкидлади.
Ж.Викраманаяке қайд этганидек, Ўзбекистон шиддатли суръатда ривожланиш учун зарур бўлган улкан салоҳиятга эга мамлакатдир. Ўзининг рўёбга чиқишини кутаётган ана шу беқиёс салоҳият ва азму шижоат, аввало, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар — жамиятнинг ҳал қилувчи кучга эга аъзолари тимсолида намоён бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, Бош котибнинг Ёшлар ишлари бўйича элчиси жамиятнинг заиф гуруҳларига мансуб ёки эҳтиёжманд навқирон хотин-қизлар ва ёшларга алоҳида эътибор қаратишга чақирди.
Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади. Унинг фикрича, “Ўзбекистон Президенти ва миллий парламент раҳбарияти Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун улкан кўламдаги ишларни амалга оширмоқда”.
Демократик ислоҳотларни жорий этишда ёшлар муҳим ўрин тутишига эътибор қаратар экан, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби “Бугун биз бу борада бутун дунёда, айниқса, Ўзбекистонда беқиёс ижобий ўзгаришлар юз бераётганига гувоҳ бўлмоқдамиз”, деб таъкидлади. Бундан ташқари, жаноб М.Чунгонг Парламентлараро Иттифоқнинг “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” деган эзгу ташаббуси доирасидаги кампания бошланганини эълон қилди.
ЕХҲТ Бош котиби, элчи Хелга Мария Шмитд БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида илгари сурган халқаро ва миллий даражадаги бир қатор долзарб ташаббусларнинг аҳамиятига юқори баҳо берди. Элчи Х.М.Шмитд мамлакатимизда ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича кўплаб муҳим ташаббуслар амалга оширилаётганини олқишлади ва “ёш авлодни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистоннинг ҳам, ЕХҲТнинг ҳам умумий мақсади ҳисобланади”, деб алоҳида таъкидлади.
Осиё Парламент Ассамблеяси Бош котиби Муҳаммад Ризонинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон олий раҳбарияти ва парламентининг ёшларга муносабати ва уларнинг ҳуқуқини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳақиқатан ҳам юксак баҳога лойиқ.
Муҳаммад Ризо ёшлар кўп жиҳатдан ҳали фойдаланилмаган улкан захира бўлиб, глобал муаммоларни ҳал этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшишга қодирлиги хусусида тўхталди. Шундай экан, навқирон авлоднинг жисмоний ва маънавий камол топишига жиддий аҳамият бериш ҳамда аҳолининг ушбу шижоатли қатламини, айниқса, ёшлар кўпчиликни ташкил этадиган мамлакатларда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий қарорлар қабул қилиш жараёнига фаол жалб этиш лозим.
Осиё Парламент Ассамблеяси Бош котиби ўз нутқида Осиё тараққиёт банкининг ҳисоботидан айрим маълумотларни келтирди. Бу маълумотларга кўра, дунё ёшларининг ярмидан кўпи Осиё-Тинч океани минтақасида яшайди. Ана шу ёшларга минтақа учун бебаҳо бойлик ва барқарор ривожланиш йўлида улкан марраларни забт этишнинг улкан омили сифатида қаралмоқда.
ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси Президенти Маргарета Седерфельт Халқаро ёшлар кунида иш бошлаган Бутунжаҳон конференциясининг диққатга сазовор дастурини тайёрлагани учун барча ташкилотчиларга миннатдорлик изҳор қилди. Шунингдек, М.Седерфельт Ўзбекистон ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш соҳасида изчил иш олиб бораётганини алоҳида эътироф этди.
М.Седерфельт ёшлар кўплаб глобал даъватларга муносиб жавоб қайтара олишини қайд этди. Шу маънода, унинг фикрича, “Навқирон авлод онгу шууридаги интилишларни рўёбга чиқариш учун ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришимиз жуда муҳим”.
МДҲ Ижрочи котиби — Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев ўзининг видеомурожаатида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали фаолияти ва ёшларга оид халқаро ташаббусларига юқори баҳо берди, шунингдек, МДҲ мамлакатлари томонидан амалга оширилаётган халқаро ёшлар ҳамкорлиги стратегияси ҳақида сўз юритди. Бинобарин, БМТнинг “Ёшлар-2030” стратегияси негизида ишлаб чиқилган ушбу стратегия замирида МДҲ маконидаги мамлакатларнинг самарали тарзда ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва илмий-техник равнақ топишини таъминлашда ёшлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муҳим омил эканига доир илғор ғоя мужассамдир.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Ольга Кулаева COVID–19 пандемияси шароитига қарамай, Ўзбекистон томони ёшларга доир муаммолар бўйича шундай муҳим мулоқотни ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди.
О.Кулаева Ўзбекистонда болалар меҳнати ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида сезиларли натижалар қўлга киритилганини мамнуният билан қайд этди. Бунда мамлакат ҳукумати ва уч томонлама иштирокчилар айни муаммоларни Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий воситаларини қабул қилиш орқали ҳал этишга шайлигини қатъият билан намоён этгани, шу асосда миллий қонунчилик халқаро меҳнат стандартларига уйғунлаштирилгани ҳамда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши чора-тадбирлар янада кучайтирилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Тошкент Ёшлар декларацияси: мазмун ва моҳият
“Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусидаги ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси якунида Тошкент Ёшлар декларацияси қабул қилинди. Декларация халқаро анжуман иштирокчилари томонидан:
биринчидан, пандемия ва ундан кейинги даврда ёшлар олдида турган асосий муаммоларни кенг муҳокама қилиш;
иккинчидан, ёшлар ўз ҳуқуқларини тўла амалга оширишларига тўсқинлик қилаётган муаммоларни атрофлича ўрганиш негизида;
учинчидан, барча ёшларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тарғиб этиш ва амалга оширишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган ҳолда ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Тошкент Ёшлар декларацияси муқаддима, 5 та қисм ва хотимадан иборат.
Декларациянинг “Пандемия ва ёшлар” қисмида жаҳон коронавирус инқирози билан боғлиқ мисли кўрилмаган глобал фавқулодда ҳолатнинг гувоҳи бўлиб турган мураккаб шароитда пандемия ёшларнинг ҳаётини ўзгартиргани, уларни саломатлик, муносиб иш ва машғулот, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш, шунингдек, ижтимоий алоҳида бўлиш ва яккаланишга тааллуқли янги қийинчиликларга мослашишга мажбур қилгани қайд этилган.
Шу муносабат билан, Декларацияда таъкидланганидек, “Биз ёшларни вакцинациялаш ва даволаш, заиф ижтимоий қатламлар, жумладан, ёш мигрантлар, қочоқлар, ишсизлар, уйсизлар, маҳбусларга алоҳида эътибор қаратиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун етарлича маблағ ажратилишига чақирамиз”.
“Ёшлар — Барқарор ривожланиш мақсадларининг “драйвер”и” номли иккинчи қисмда ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ёшларга ўз шахсий имкониятларини намоён қилиш ҳамда келажак авлодларга муносиб дунёни барпо этиш вазифалари ишониб топширилганини ҳисобга олган ҳолда, 5 та амалий таклиф илгари сурилган:
биринчи таклиф — Барқарор ривожланиш мақсадларининг ёшлар элчилари лавозимини жорий этиш;
иккинчи таклиф — барча мамлакатларда Ёшлар парламентларини таъсис этиш;
учинчи таклиф — Бутунжаҳон ёшлар парламентлари ассоциациясини ташкил этиш;
тўртинчи таклиф — барча давлатларда миллий ёшлар стратегияларини қабул қилиш;
бешинчи таклиф — давлат органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар қошида ёшлар кенгашларини тузишдан иборат.
Декларациянинг учинчи қисми “Ёшларнинг таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имконияти” деб номланган. Бу қисмда асосан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг амалга оширилиши бўйича Миллий (кенгаш) комиссиялар тузиш, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий дастурлар (Ҳаракатлар дастури) қабул қилишнинг долзарблиги таъкидланган.
Бугунги кунда ёшларнинг ишончли, хавфсиз, улар учун қулай, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши имкониятини таъминлаш ниҳоятда зарур. Шу боис, айни мақсадга эришиш учун Тошкент Ёшлар декларациясида Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона марказлари, яъни “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
“Ёшлар ва бандлик” номли кейинги қисмда бутун дунёда ёшларнинг ижтимоий ва иқтисодий имкониятлардан фойдаланиш, айниқса, пандемия шароитида иш билан таъминланиш масаласида чекланганини тан олган ҳолда, ёшларни иш билан таъминлаш бўйича Миллий ҳаракатлар режаларини қабул қилиш масаласи кун тартибига қўйилмоқда.
Бундан ташқари, Ҳукуматлар ёшларда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмасини ривожлантириш соҳасида миллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва рақамли иқтисодиётда инновация, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва иш ўринлари яратиш бўйича қулай шароитлар яратишга чақирилмоқда.
Ниҳоят, Тошкент Ёшлар декларациясининг “Ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари” номли охирги қисмида, аввало, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига киритиладиган 2 та муҳим таклиф ҳам қўллаб-қувватланган. Булардан бири — “Пандемия шароитида ёшлар ҳуқуқлари” резолюциясини ишлаб чиқиш, иккинчиси — Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг Ёшлар ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачиси лавозимини жорий этишдир.
Шу билан бирга, Декларацияда Ўзбекистоннинг 3 та халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик ташаббуси қўллаб-қувватланмоқда:
· Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияни қабул қилиш,
· Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Ёшлар кенгашини ташкил этиш,
· Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш ташаббуслари ҳақида сўз бормоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз, минтақамиз, ҳатто бутун сайёрамиз ёшларини глобал ҳаракатларга жалб қилиш йўлида Ўзбекистон томонидан яна бир дадил қадам қўйилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни изчил ва узлуксиз давом эттиришда Тошкент Ёшлар декларацияси ҳуқуқий дастуруламал вазифасини ўташи шубҳасиз.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Бугунги кунда кўпмиллатли халқимиз, Ватанимиз тараққиёти учун, Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даврини яратиш йўлида белини маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу йўлда улкан орзу-умидлар, катта режалар билан сафимизга қўшилаётган ёшларимиз — асосий таянчимиз ва суянчимиздир”.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
www.parliament.gov.uz