2021 йил 14 август куни Олий Мажлис Сенати ташаббуси билан Туризм ва спорт вазирлиги, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси билан ҳамкорликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва девони ходимлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси кубоги учун “Парламент ўйинлари” спорт мусобақалари ўтказилди.
Ўзбекистон парламентининг депутатлар ва сенаторлар ўртасида “Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларини жорий этиш тўғрисидаги таклифи Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида қўллаб-қувватланди.
Мусобақадан кўзланган асосий мақсад сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортни оммалаштириш ва уни янада ривожлантиришдан иборат этиб белгиланди.
Мусобақалар республика бўйлаб 3 босқичда спортнинг минифутбол, волейбол, бадминтон ва стол тенниси турлари бўйича ўтказилди. Жумладан, биринчи босқич – вилоят миқёсида февраль-март ойларида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари аъзоларидан ташкил топган жамоалар ўртасида, иккинчи босқич – ҳудуд миқёсида (минтақавий) вилоятда биринчи ўринни эгаллаган жамоалар ўртасида апрель-май ойларида ташкил этилди.
Мазкур мусобақаларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг 4 720 нафар аъзолари иштирок этиб, спортда ўз имкониятларини синаб кўришди.
“Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларининг учинчи – финал босқичи ҳудудлардан (минтақалардан) биринчи ўринни эгаллаган жамоалар ўртасида жорий йилнинг 14-15 август кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилди. Унда ҳудудлардан жами 135 нафар депутатлар ғолиблик учун кураш олиб боришди. Мусобақаларни минифутбол, волейбол, бадминтон ва стол тенниси бўйича профессионал ҳакамлар бошқариб борди.
Муросасиз кечган баҳслардан сўнг ҳакамлар томонидан ғолиблар аниқланди. Якуний натижаларга кўра, минифутбол бўйича Сирдарё вилояти, волейбол бўйича Навоий вилояти, бадминтон бўйича Қашқадарё вилояти ҳамда стол тенниси бўйича Самарқанд вилоятлари депутатлари “Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларининг мутлоқ ғолиблари деб топилди.
Мусобақа ғолибларига Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев томонидан кубоклар топширилди. Шунингдек, ғолиблар Туризм ва спорт вазирлигининг эсдалик совғалари, медаллар, дипломлар ҳамда мусобақа бош ҳомийси “Нил-гранит” (Само) МЧЖнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.