Тарихий учрашувдан кўзланган мақсад – юрт фаровонлиги ва халқ розилигига эришиш – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўтган ҳафтада давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви чин маънода улкан тарихий воқеа бўлди. Ушбу очиқ мулоқатда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 10 мингдан ортиқ тадбиркорлар бевосита офлайн ва онлайн иштирок этишди.

Мени бевосита иштирокчи сифатида ҳайратга солган нарса шуки, тадбир шу даражада қизиқарли ва юқори кайфиятда бўлдики, ҳатто олти соатдан ортиқроқ вақтнинг қандай ўтганини ҳеч ким сезмай қолди. Президентимиз ушбу тадбирга тайёргарлик даврида 15 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушганлиги, шахсан ўзи жуда пухта тайёргарлик кўрганлиги ва мурожаатларни 7 та йўналишга бўлганлигини таъкидлаб, ҳар бир йўналишдаги муаммоларни ечимини кўрсатиб, таҳлил қилиб берди.

Президентимиз ўз нутқида тадбиркорларга қарата: “Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз том маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз”, деди.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳар қандай мамлакатнинг ривожланиши, янги иш ўринларининг яратилишида айнан тадбиркорларнинг ўрни беқиёс. Мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келиши, ҳозирги кунда ушбу тармоқда
5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги таъминланаётгани, бу соҳанинг нафақат мамлакат иқтисодиёти, балки оилалар даромади, жамият тараққиётидаги ўрни ва нуфузини кўрсатади.

Агар биз ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, албатта, улар дастлаб кичиқ ва ўрта бўғиндаги тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий аҳамият қаратганларини кўришимиз мумкин. Хитой давлатининг ривожланиш даврини олиб кўринг. Хитойликлар ҳам дунёнинг тараққий топган мамлакатлари сафига айнан тадбиркорликка кенг йўл очиш орқали кириб борган. Бугун Хитой
1,5 миллиардлик аҳолисини бемалол боқиш билан бирган, жадал ривожланиши билан бутун дунё давлатларини лол қолдиряпти.

Шу боисдан Президентимиз мамлакатимиз ривожланиши, иқтисодий-ижтимоий соҳаларни янада юксалтириш учун тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш, уларга барча имконият ва шароитларни яратиб бериш зарурлигига эътибор қаратди.

Тан олиб айтиш керак, сўнгги йилларда тадбиркорлар йўлини тўсаётган муаммолар, жумладан, ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, шунингдек, лицензиялаш каби сунъий ўйлаб топилган тўсиқларнинг аксариятига барҳам берилди. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи шаклланди.

Лекин тадбиркорларимиз дунё билан бўйлашиши, мамлакатимиз ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши учун яна бир қатор ишларни амалга оширишимиз керак. Давлатимиз раҳбари бу борада ҳар биримизнинг, жумладан, биз, депутатларнинг зиммамизга ҳам аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Шунингдек, Президентимиз ўз нутқида тадбиркор аёллар ва ёшлар сафини янада кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам иқтисодий сиёсатимизнинг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, учрашув давомида ҳар бир вазирлик ва идора раҳбари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари келиб тушган мурожаатларни ўзларининг фаолиятига берилган баҳо, деб билишлари, бундан тўғри хулоса чиқариб, мазкур йўналишда кескин ўзгаришлар қилишлари зарур ва шартлиги қайта-қайта таъкидланди.

Албатта, тадбиркорлик масаласига бу даражада жиддий эътибор қаратилиши бежиз эмас. Чунки, тадбиркорлик ривожланса, янги иш ўринлари пайдо бўлади. Янги иш ўринлари пайдо бўлса, бугун бегона юртларда иш излаб юрган фарзандларимиз бағримизга қайтади. Оилалар тўлиқ бўлиб, юрт фаровон бўлади. Мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Халқ бой бўлса, мамлакат ҳам бой бўлади.” Президентимизнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан ўтказган илк тарихий учрашувидан кўзланган асосий мақсад ҳам Юрт фаровонлиги, Ватан ободлиги, Халқ розилиги йўлида ташланган навбатдаги улкан қадамдир.

 

 

 Зухра ИБРАГИМОВА

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan