Унда билдирилган фикрлар ҳар галгидек, чин қалбдан, юракдан чиқди. Тадбиркорлар ҳаётининг барча жабҳаларига оид масалалар, муаммо, ҳам қийинчиликлар рўй-рост ўртага ташланди. Энг муҳими, муаммолар ечими бўйича муҳим таклифлар илгари сурилиб, уларни ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келиши, ҳозирги кунда ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшлар меҳнат қилаётгани унинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.
Мамлакатимизда камбағаллик кўп йиллар давомида “ёпиқ мавзу” бўлиб келгани ҳаммамизга яхши маълум. Бу категориянинг ўрнига “кам таъминланганлик”, “эҳтиёжмандлик”, деган тушунчалардан фойдаланилди. Ўтган йилдан бошлаб юртимизда камбағалликни қисқартириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, камбағалликни қисқартиришнинг институционал асослари яратилиб, ушбу масалаларни мувофиқлаштирувчи вазирлик ташкил этилди ва қисқа вақт ичида катта ютуқларга ҳам эришилди.
Давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартириш, “маҳаллабай” ишлаб, жойларда ўсиш нуқталарини аниқлаш, ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича катта марралар белгилаб олинганини айтиб, бу борада давлат идоралари ва хизмат кўрсатувчи барча ташкилотлар тадбиркорлар билан ҳар куни яқин ҳамкорликда ишлаб, уларга амалий ёрдам кўрсатиши шартлигини билдирди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, раҳбарлар кунига бир соат вақтини тадбиркорлар билан мулоқот қилишга ажратса, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашса, ўйлайманки, одамлар ҳаётида, жамиятда ўзгариш бўлади, ишсиз фуқаролар даромад манбаига эга бўлади.
Мулоқотда Президентимиз тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар билан атрофлича танишиб чиққанини билдириб, уларни қийнаётган барча муаммо ва саволлардан тўла хабардорлигини таъкидлади. Бугунги кунга қадар энг долзарб муаммоларни тизимлаштириб, уларни ҳал этишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилгани айтилди. Бу минг-минглаб бизнес вакилларини йиллар давомида ўйлантириб келган масалалар ижобий ҳал этилишига ва бу борада бундан буён ҳам давлат сиёсати даражасида тизимли ислоҳотлар, янги босқичларда, янгича мазмун-моҳият ила давом этаверишига ишорадир.
Белгиланган еттида йўналишнинг биринчиси молия-кредит масаласига дахлдор. Бу муаммо чиндан ҳам тадбиркорларни қийнаётган эди. Масалан, сайловчилар билан учрашиш мақсадида ҳудудларда борганимизда тадбиркорлар томонидан кўтариладиган мурожаатларнинг салмоқли қисмини кредит билан боғлиқ масалалар ташкил этарди. Чунки нафақат кредит олиш, балки уни қайтариш ҳам тадбиркорларни қийнарди. Сабаби бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмасди. Хорижий валютада кредит олган тадбиркорлар эса валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобидан кредит тўловларини вақтини узайтиришда кўмак сўрарди. Бу жуда оғриқли масала бўлиб, тадбиркорликни ривожлантириш йўлида тўсиқ бўларди.
Учрашувда бунинг ечими сифатида тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши, банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солиниши айтилди. Бу борада келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари бўйича қўшимча 600 миллион доллар ажратилиши, ушбу маблағлар танлов асосида, ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилиши тадбиркорларга катта имконият бўлди, уларга юқори кайфият бағишлади.
Бир сўз билан айтганда, мулоқотда бизнесни ривожлантиришга оид ҳеч бир жабҳа эътибордан четда қолмади. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар эса биз депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Демак, масалага жиддий киришиб, тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларга қонуний ечим топишимиз ва Ўзбекистонда бу соҳани ривожлантиришга бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этишимиз лозим.
Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси