Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сафида бўлишга даъват – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон газетаси Бош муҳаррири билан мулоқоти юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирди.

Тарихий интервью

“Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.

Ушбу фикрлар интервьюда таъкидланган. Мазкур интервью халқимиз, хорижий ва халқаро жамоатчилик томонидан қизғин ўрганилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки авваламбор, бу — давлатимиз раҳбари кейинги беш йилда миллий оммавий ахборот воситасига берган илк интервьюдир.

Шу маънода, ушбу янги воқелик: 

биринчидан, Ўзбекистон Президентининг мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларига ишониши; 

иккинчидан, сўз ва ахборот эркинлигини қатъий қўллаб-қувватлаши; 

учинчидан, журналистлар ва блогерларни ҳар доим ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантиришга тайёрлигининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.

Президентимизнинг интервьюси Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган даврда амалга оширилган кенг қамровли ишларнинг ўзига хос сарҳисобидир. Ҳа, айнан — сарҳисоб, ҳисобот эмас. Чунки журналистнинг саволларига жавобларда қачон қандай ҳужжат қабул қилинди-ю, унинг ижроси қай тарзда таъминланди деган мазмундаги расмиятчилик учун айтиладиган қуруқ гаплар учрамайди.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда қўлга киритилган натижаларни санаш билан кифоя ланиб қолмади ва мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида ҳал этилиши керак бўлган муаммолар мавжудлигига кўз юмиш йўлидан ҳам бормади. Аксинча, ҳаммаси жойида, деган кайфият билан бундай муаммоларни билиб — билмаганга, кўриб — кўрмаганга олиб, ғафлат уйқусига ботиб юраверишни ўзимизга, халқимизга, келажакка нисбатан хиёнат эканини очиқ ва ошкора айтди.

Интервьюнинг хусусияти: халқчиллик ва холислик

“Менинг табиатим бундай сохта ҳаётни мутлақо қабул қилолмайди. Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш — мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир. Мен миллионлаб инсонларнинг тақдири учун масъулиятни зиммамга олган эканман, ислоҳотлар борасида бошқача йўл тутишим, ҳаммасини аввалгидек қолдиришим асло мумкин эмас”, деди Ўзбекистон Президенти.

Юртбошимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган фикрлари, орзу-умидларидан иборат ўз прагматик қарашларини изчиллик билан очиб берди. Президентимизнинг фикрича, “Янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”. Бу — Янги Ўзбекистон ҳақидаги лўнда ва халқона таърифдир.

Чиндан ҳам, инсон ҳуқуқлари соҳасида кейинги беш йилда муҳим янгиланишларга эришилди. Ўзбекистон илк бор 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди ва 2021 йил 1 январдан бу борадаги вазифасини бажаришга киришди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг нуфузли халқаро ташкилотнинг олий минбаридан туриб ўзбек тилида илгари сурган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслари изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.

Эътибор беринг: мустақилликнинг ўтган чорак асри давомида Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари учун масъул бирон-бир тузилмасига аъзо бўлиб кириши ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Аксинча, ушбу ташкилотлар Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари борасида ҳар доим танқид қилиш билан банд эди. Бинобарин, бундан ўттиз йил олдин мустақиллик шу озод юртда яшайдиган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг тўла таъминланиши кафолати бўлиб майдонга чиқди.

Мустақил Ўзбекистон — конституциявий давлат

Ўзбекистонда замонавий давлатчилик асослари яратилиб, конституциявий тузумга асос солинди. Давлат ҳокимиятининг учта мустақил тармоғи — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қарор топди. Президентимиз таъбири билан айтганда, истиқлол йилларида Ўзбекистонда том маънодаги конституциявий давлат барпо этилди. Конституциявий давлат деганда: 

биринчидан, Конституцияда белгиланган давлат ҳокимияти идоралари тузилгани ва фаолияти йўлга қўйилгани; 

иккинчидан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётгани; 

учинчидан, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти изчил кенгайиб бораётганини тушуниш лозим.

Бундан ташқари, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ўзбекистон Республикасининг суверенитети ва давлат мустақиллигини, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч- осойишта ҳаёти ҳамда миллий ман фаатларимизни ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучлар ташкил этилди. Миллий валютамиз — сўм жорий этилди ва олтин-валюта захираларимиз шакллантирилди”.

Шу ўринда мустақиллик ва давлат рамзлари ҳақида мухтасар тўхталишга тўғри келади. Нега деганда, аксарият юртдошларимиз “давлат рамзлари” деганда, фақат Давлат байроғи, Давлат герби ва Давлат мадҳиясини тушунадилар. Шунинг учун бу муҳим тимсоллар қаторига — давлатнинг номи, пойтахти, миллий валютаси, мукофот ва унвонлари, Конституцияси ва Президенти ҳам киришини қайд этиш мақсадга мувофиқдир.

“Марказий Осиё руҳи” Очилиш ва очиқлик ҳақида икки оғиз сўз. Бу тушунчалар кейинги беш йилда Ўзбекистон давлати ва жамияти ривожланишининг туб моҳия тига сингиб бормоқда. Аввало, Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё минтақаси мамлакатларига Ўзбекистонни, қўшни ва қардошларимизга халқимизнинг меҳрли бағрини очди. Натижада азал-азалдан ўзаро қардош ва биродар бўлган мамлакатларимиз кўпгина минтақавий ва глобал масалалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича яқин ҳамкорликда ҳаракат қилишни бошлади.

Президентимиз қайд этганидек, “Жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди”. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон сўнгги йилларда халқаро ҳамжамиятга ўз эшикларини кенг очиб қўйди. Ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш, интилиш ва ишонч руҳи, мамлакатимиз билан ҳамкорликка эришиш тамойиллари кучайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президентига халқаро ҳамжамиятнинг ишончи жуда юқори ва бу ишонч тобора ортиб ҳамда мустаҳкамланиб бормоқда. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясида, коронавирус шароитига қарамай, 40 дан ортиқ давлатдан 150 дан зиёд вакил иштирок этгани ҳамда ўндан ортиқ нуфузли ташкилотнинг раҳбарлари онлайн тарзда фаол қатнашгани бу фикримизнинг ёрқин исботидир.

Интервьюда қайд этилганидек, “ички ва ташқи сиёсатимиздаги ана шундай уйғунлик халқимиз манфаатларини кўзлаб амалга оширилмоқда ва бунинг натижасини оддий одамлар ўз ҳаёти ва тақдирида ҳис этмоқда. Яна бир муҳим томони шундаки, Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди”.

Давлат — халқ хизматида

Очиқлик ҳақида сўз борар экан, энг асосийси, мамлакат ичкарисидаги очиқликнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлаш лозим. Бунда, биринчи навбатда, Президентимиз давлат идораларини халқимизга очиб бергани ҳақида сўз бормоқда. Сўнгги йилларда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган муҳим конституциявий тамойилни ҳаётимизга изчил, тизимли ва қатъият билан жорий этишга устувор аҳамият берилмоқда.

Содда қилиб айтганда, бугунги кунда давлат идоралари халқнинг хизматкорига айланмоқда. Президентимиз ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ олиб бораётган ушбу сиёсатнинг замирида қуйидаги омиллар ётибди. Биринчи омил: Юртбошимиз мамлакат олий бошқарувида иш бошлашига қадар ижро этувчи ҳокимиятнинг қуйи тизими — туман, вилоят ҳокимлигидан токи юқори тизими — Бош вазир лавозимида ҳам кўп йиллар ишлаган.

Интервьюда қайд этилганидек, “Бир пайтлар мен ҳам ҳоким бўлиб ишлаганман. У вақтлардаги шароитни ҳозирги имкониятлар билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Кўп-кўп масалаларда қўл-оёғимиз боғланган эди, ҳамма нарсани “тепа”нинг қош-қовоғига қараб бажаришга тўғри келарди”. Иккинчи омил: Шавкат Мирзиёев истиқлол арафасида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида миллий парламент депутатлигига сайланиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг масъул лавозимларида хизмат қилган.

Шу аснода Ўзбекистон давлат мустақиллигининг эълон қилиниши, Конституциямизнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши, умуман, Ватанимиз мус тақиллигининг 30 йиллик тарихидаги бурилиш нуқталарига дахлдор энг асосий жараёнларда бевосита иштирок этган ҳамда ўзининг айнан яратувчанлик фаолиятини яққол намоён этган. 

Учинчи омил: Юртбошимиз мамлакат ҳаётини, халқ дардини, одамларимизнинг ташвишлари ва эҳтиёжларини ич-ичидан жуда яхши билади. Халқнинг ичига кириб ва ишончини қозониб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшашни ўзининг ҳаётдаги бош маслаги деб ҳисоблайди. Зеро, халққа хизмат қилиш — Президент Шавкат Мирзиёев ҳаётининг бутун маъномазмунидир.

Миллий тараққиётнинг устувор вазифалари

Бу билим ва тажриба жамиятнинг барча қатлами вакиллари — олимлар ва ижодкорлар, ёшлар ва хотин-қизлар, дин хизматчилари ва шифокорлар, судьялар ва прокурорлар билан юзма-юз учрашувлар негизида кейинги даврда янада мукаммаллашди.

Шу жиҳатдан, интервьюда қайд этилганидек, миллий тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида мамлакат миқёсидаги олтита энг устувор вазифа: — ижтимоий сиёсат; — иқтисодий тараққиёт; — ҳозирги глобал пандемия даврида тадбиркорларни ўз муаммолари гирдобига ташлаб қўймаслик; — аграр секторни замон талаблари асосида ривожлантириш; — халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини асраш; — янги шароитда маънавий-маърифий ишларни кучайтириш соҳалари бўйича ғоят ҳаётий ва амалий ечимлар кун тартибига қўйилгани диққатга сазовор.

Юртбошимиз катта-кичик раҳбарларнинг билими ва тажрибаси, ташкилотчилик салоҳияти, эл-юрт иши учун фидойилигини юксак қадрлайди. “Айниқса, қуйи поғонадаги раҳбарлар ўз дунёқарашини ўзгартириб, оддий фуқарога елкадош бўлиб, тадбиркорга дўст бўлиб ишламаса, биз қанчалик кўп куч ва маблағ сарфламайлик, фармон ва қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, жойларда ислоҳотларимизнинг олдинга юриши қийин бўлади”, дейди Президентимиз. Шундай экан, турли бўғиндаги раҳбар ўринбосарлари ўз бошлиғининг соясида юрадиган вақт ўтди. Энди шахсий масъулият ва жавобгарлик барча бошқарув идоралари ходимлари учун бош мезон бўлади.

Ҳозирги кунда одамларни қийнаётган муаммоларни жойларда, маҳалланинг ўзида ҳал этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “ҳар бир ҳокимнинг кабинети “Халқ қабулхонаси”га айланиши лозим”. Шунда ҳар қайси раҳбар ҳудуддаги ҳақиқий аҳволдан тўла хабардор бўлади, ишида унум ва самарага эришади.

Янги Ўзбекистон — янги дунёқараш

Интервьюда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг етакчи омиллари содда ва тушунарли тилда изоҳлаб берилди. Президентимизнинг уқтиришича, бу муҳим жараёнда тарихий, сиё сийҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, ташқи сиёсий ва амалий омиллар объектив заруратдир.

Бу масъулиятли жараёнда, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир”.

Бугунги кунда биз эришган энг муҳим натижа — демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олгани, дейди Ўзбекистон Президенти. “Бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, деб айтишга барча асосларимиз бор. Ёдингизда бўлса керак: 2015-2016 йилларда халқимизнинг маънавий дарғалари бўлмиш бир неча атоқли олиму адибларимиздан изма-из айрилиб қолдик. Ўша даврда Президент Шавкат Мирзиёев: “Бугун бизга Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар етишмаяпти”, деб бот-бот такрорларди. Бу афсус ва армонлар беиз кетмади, аксинча, эзгу ният, эзгу сўз ва эзгу амалга айланди.

Севимли шоирларимизнинг ижод мактабларига асос солинди, юбилей саналари кенг нишонланди, китобларини мунтазам нашр этиш ва изчил ўрганиш йўлга қўйилди. Ҳаттоки ардоқли шоиру адибларимизнинг оила аъзоларига ҳам юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилди: уларнинг жафокаш умр йўлдошлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Интервьюда Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов шеърий мисралари ҳам келтирилгани тимсолида Президентимизнинг меҳр-оқибати ўткинчи ва сохта эмас, аксинча, самимий ва барқарор эканига яна бир бор амин бўлдик.

Айни чоғда, давлатимиз раҳбари Имом Бухорий, Амир Темур, Алишер Навоий каби улуғ аждодларимиз, жадид-маърифатпарвар боболаримизнинг маънавий меросига ҳам мурожаат қилганлари бежиз эмас. Бу — маънавий уйғониш ва юксалишга даъват. Зеро, “Бугун одамлар уйғонмоқда, жамият уйғонмоқда. Маънавий уйғоқ жамият — бу, ҳеч шубҳасиз, қудратли кучдир”.

Ўтмишда мутафаккир аждодларимиз адолатли раҳбар, оқил ва одил юрт эгаси деган эзгу ғояни илгари сурганлар. Жумладан, Алишер Навоий ҳазратлари бу ҳақда: “Шоҳки, иш адл ила бунёд этар, Адли бузуқ мулкни обод этар” каби мисраларни битиб қолдирган. Кейинги йилларда ўша орзу-ниятларнинг яққол рўёбини кўрмоқдамиз. Бинобарин, “Бугун одамларда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлмоқда. Улар турли даражадаги раҳбар ва мансабдорларнинг иш фаолиятига холисона баҳо бермоқда, камчиликларни ошкора танқид қилмоқда. Миллий тараққиётимиз учун бу жуда муҳим аҳамиятга эга”. 

Янги Ўзбекистонга — янги дунёқараш хосдир. Одатда, назариядан амалиётга ўтилади, ғоялар эътиқодга айланади. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда Янги Ўзбекистон ғояси ва фалсафаси ҳаётимиз воқелигига, кундалик турмушимизнинг амалиёти ва кўникмаларига айланиб бораётгани жуда ҳам муҳим. 

Шу билан бирга, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бугунги Ўзбекистон — бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур”.

 

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг биринчи ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan