Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс: маъно-моҳияти, зарурати ва муштараклиги – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсида “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” тушунчалари кенг ва фаол қўлланди. Энг муҳими, ҳар икки тушунчанинг аксарият ўринларда ёнма-ён, уйғун ва ҳамоҳанг келганини кузатиш мумкин.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, халқаро тажрибада жаҳон сиёсий атамашунослигини  янги тушунчалар билан бойитадиган давлат ва жамоат арбоблари кам топилишини таъкидлаш лозим. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” тушунчасини дунё сиёсати луғатига киритгани беқиёс илмий аҳамиятга эга.

Янги Ўзбекистон – бу ибора Миллат Сардори илгари сурган ва бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу ғоядир. Бу ғоя замирида:

бир томондан, бугунги ва эртанги авлодларимизнинг “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қўйишдек эзгу мақсад-муддаолари;

иккинчи томондан,  миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларига асос солган улуғ аждодларимиз, аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари;

учинчи томондан,  бунёдкорлик, яратувчанлик, ҳар доим ўқиш ва изланишга даъват ўз мужассамини топган.

Янги Ўзбекистон меъмори ва ташаббускори ҳисобланувчи Президентимиз қайд этганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.  

Аввало, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “янги” деган сўзнинг биз учун алоҳида аҳамияти бор. Шу маънода, бундан беш йил олдин қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйганимиз бежиз эмас.  

Президентимизнинг интервьюсида биз интилаётган ана шу эзгу ғояни рўёбга чиқариш йўлида ҳаётимизнинг турли соҳаларида қўлга киритилган юксак натижалар ва бу борада олдимизда турган масъулиятли вазифалар ҳақида сўз борган.

Ўз навбатида, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда  янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз”.

“Ренессанс” сўзи – французча “Renaissonce”, итальянча – “Rinascimento” – қайта юзага келмоқ, янгидан туғилмоқ, қайта тирилиш, уйғониш – деган маъноларни англатади.  

“Уйғониш” истилоҳи илк бор ХVI асрда меъмор, мусаввир ва санъат тарихчиси Жорж Вазари (1511-1574) томонидан Ғарбий Европада буржуа муносабатлари ривожланишининг дастлабки босқичи билан шартланган тарихий даврни тавсифлаш учун қўлланилган. Ушбу истилоҳнинг ҳозирги маъноси фаранг тарихчиси Жюль Мишле (1798-1874) томонидан ХIХ асрда жорий қилинди.

Тарих фанига “Мусулмон Ренессанси” тушунчаси таниқли Австрия шарқшуноси Адам Мец (1876-1946) томонидан ХХ аср бошларида, янада аниқроғи, 1909 йилда киритилган. Олим “Шарқ” атамасини тарихий мазмунда ишлатиб, бунда Ўрта ер денгизидан то Европа қитъасигача бўлган юртларни ва бу ҳудудларда IX-XII асрларда маданият юксакларга кўтарилганлигини кўзда тутган. Мазкур ўлкалар қадимий цивилизация бешигидир.  

Собиқ совет даврида тарих ва ўқув адабиётларида фақат Ғарб Уйғониш даври ҳақида гап борарди. Шарқдаги Уйғониш жараёни ҳақида лом-лим дейилмаcди. Чунки тарих фанида  европоцентризм  ғояси ҳукмрон, “Ғарб – илғор, Шарқ – қолоқ” ақидаси устувор эди.  

Ваҳоланки, улуғ аждодларимиз тарихда бир эмас, иккита Маърифий Ренессансга асос солганлар.

Биринчи Шарқ Уйғониш даври – IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган «Маърифий Ренессанс» ҳисобланади.

Биринчи Маърифий Уйғониш даврида буюк алломалар, қомусий билим соҳиблари, машҳур мутафаккирлар етишиб чиққан. Аниқ фанлар соҳасида Муҳаммад Хоразмий, Абу Бакр Розий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Умар Ҳайём, Мирзо Улуғбек, фалсафа соҳасида Абу Наср Форобий, Ибн Рушд, Муҳаммад Ғаззолий, Азизиддин Насафий, тиббиёт соҳасида Абу Али ибн Сино, тилшуносликда Маҳмуд Замахшарий, шеъриятда Абу Абдулло Рудакий, Абулқосим Фирдавсий, Ҳофиз Шерозий, Низомий Ганжавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, рассомчиликда Камолиддин Беҳзод баракали ижод қилган. Уларнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига мислсиз ҳисса қўшган.

Тарихий манбаларда “Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ мутафаккирлар бутун мусулмон оламига донг таратган.  

Иккинчи Шарқ Уйғониш даври – ХIV-ХVI асрлардаги «Темурийлар Ренессанси»дир. Бунда Амир Темур бунёд этган улуғ салтанатнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Соҳибқирон бобомиз илм-фан ва маданият равнақига кенг имкониятлар яратган, дин пешволари, олимлар, санъатшунослар, ёзувчилар, шоирларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатган. Бу маънавий-маърифий сиёсат натижасида Шарқ Уйғониш даврининг иккинчи босқичига асос солинган.  

Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилган.

Мамлакатимизда Учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадидлар амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этганлар.  

Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилганлар ҳамда “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билганлар. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисоблаганлар.

Бу даврда Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Ибрат домла, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин ва бошқа яна юзлаб улуғ инсонлар Миллий уйғониш ва Миллатпарварлик ҳаракатининг олдинги сафларида турган. Улар янги усул мактаблари билан бир қаторда, одамларнинг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган газета-журналлар, нашриёт ва кутубхоналар, театрлар ташкил этганлар.

Жадидларимиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермади. Улар ўша даврнинг турли кимсаларининг туҳмат-маломатларига дучор бўлди. Дастлаб Рус подшоҳлиги, кейинчалик шўролар ҳукумати уларни аёвсиз қувғин ва қатағон қилган.  

Оқибатда миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати Ватанимиз учун ёрқин хотира сифатида қолди. Юртимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси ҳозирги даврда ҳам катта аҳамиятга эга.  

Бугунги кунда биз учинчи Уйғониш даври остонасида турибмиз. Агар Ўзбекистон Президентининг кейинги беш йилда ҳаётимизнинг биргина йўналиши, яъни маърифат, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлида имзолаган қонун, фармон ва қарорлари, тасдиқлаган Давлат дастурлари, илгари сурган янгидан-янги ташаббусларининг мағзини тўла чақиб кўрсак ҳам, навбатдаги Маърифат Ренессансининг маркази Янги Ўзбекистон эканига ҳеч кимда шубҳа қолмайди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас».

Албатта, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс каби Учинчи Ренессанс ҳам узоқ давом этадиган жараён. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш жараёни беш-ўн йил эмас, анча катта ва машаққатли даврни талаб қилади. Бунинг учун, аввало, минглаб истеъдодли кадрлар, иқтидорли замонавий ёшлар, фидойи инсонлар ниҳоятда зарур.

Президентимиз раҳнамолигида юртимизда улуғ ниятлар билан пойдевори қўйилаётган Янги Уйғониш даврининг ёрқин саҳифаларга бой буюк тарихи яратилмоқда. Бу оламшумул самаралар келгуси авлодларга муносиб мерос қолдиришга хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг биринчи ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan