Меҳнат миграцияси ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш -давр талаби – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Ўзбекистон либерал-демократик партияси фракцияси ва Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Онлайн ва офлайн мулоқотда Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор вазирлик ва идораларнинг соҳа бўйича мутахассислари, экспертлар, илмий тадқиқотчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда “Ўзбекистон Республикасида меҳнат миграциясини тартибга солишда институционал асосларни такомиллаштириш зарурати”, ““Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг ўзига хос жиҳатлари”, “Ўзбекистон Республикаси ҳамда Европа Иттифоқи ва унинг аъзо давлатлари ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштирш масалалари” каби қатор мавзуларда маърузалар қилинди.

Муҳокама қисмида мамлакатимиздан ташқаридаги меҳнат миграциясида бўлган фуқаролар сони 1,6 млн нафарни, республикамизда ишсизлар сони 1,94 млн кишини ташкил этиши ва шундан ишсизлик даражаси 16-30 ёшдаги эркаклар орасида 20,1 фоизга, аёллар орасида 17,4 фоизга тўғри келиши айтиб ўтилди.

Таъкидландики, миграция жарёнлари Ўзбекистон Республикасида давлат бошқарув органлари томонидан тарқоқ ҳолда тартибга солиб келинмоқда ва соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли органни ташкил этиш зарурати мавжуд.

Жумладан, бугунги кунда меҳнат миграцияси соҳаси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 августдаги “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги, 2020 йил 20 ноябрдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, 2021 йил 4 июндаги “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунлар ва ўндан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Мунозараларда мазкур қонун лойиҳасининг қўлланиш жабҳалари, ундаги асосий тушунчалар, меҳнат миграцияси соҳасидаги асосий принциплар, жараённинг давлат томонидан тартибга солиниши ва бунда давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларимизнинг хориждаги ҳамда чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатимиздаги меҳнат фаолияти, меҳнат миграцияси мониторинги, соҳада қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назорати масалаларида иштирокчилар томонидан танқидий ва таҳлилий асослантирилган фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Хусусан, қонуннинг мақсадини ва асосий тушунчаларни янада маромига етказиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига келишиш учун киритилган ваколатли давлат органининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги таркибий бўлинмаси бошлиғи, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, хориждаги ваколатхоналар раҳбарлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташелари лавозимига номзодларни кўриб чиқиш ваколатларига қўшимча сифатида давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларига ўтказиладиган танлов орқали очиқлик ва шаффофлик асосида номзодларни танлаб олиш тартибини ва асосларини киритиш, миграция соҳасида алоҳида давлат бошқаруви органини ташкил этиш, меҳнат миргацияси жараёнлари мониторингини амалга оширишга оид нормаларни янада бойитиш, қонуннинг тартибга солиш предметини кенгайтириш тўғрисида фикрлар билдирилди.

Анжуман қизғин баҳс ва мунозарага бой тарзда ўтди. Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга оид тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти

бош илмий ходими, юридик фанлари номзоди

Ишанходжаев Саидахмад Акрамович

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan