Парламент дипломатиясининг самарадорлиги: халқаро ва миллий тажриба – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Таҳлилллар шуни кўрсатмоқдаки, халқаро ва минтақавий сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, экологик муаммолар, халқаро ҳамкорлик асосида уларни ҳал этиш зарурати ва миллий манфаатлар ҳимояси халқаро парламентлараро институтлар ва парламент дипломатияси ролининг сўнгги декадаларда сезиларли равишда ошишига сабабчи бўлди. Бироқ, 2020 йилга келиб COVID-19 пандемиясига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурати парламент дипломатиясининг аҳамиятини янада оширди.

Пандемия сабабли кўпгина мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ўз ташқи сиёсатининг камчиликларини кузатди, халқаро, минтақавий ва мамлакатлараро ҳамкорликни кучайтиришнинг долзарблиги янада ошди. Масалан, Европа Парламенти мамлакатларни ўз ташқи сиёсатини такомиллаштиришга, уни янада самарали, хавфсиз, интеграциялашган, кучли ҳамкорликка таянган, глобал муаммоларга тайёр, инсон ҳуқуқларига ҳар қандай ҳолатда содиқ бўлишига чорламоқда.

Сир эмаски, айнан COVID-19 муаммоси дипломатия соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини жадал ишлатишга мажбур қилди. Бу эса ўз навбатида парламент дипломатиясининг бугунги фаоллашувига туртки бўлди ва унинг самарадорлиги ошишига ҳам яхши имконият яратди.

Парламент дипломатияси самарадорлиги тўғрисида гапирадиган бўлсак, олимларнинг фикрига кўра, бунга бир қатор омиллар ёрдам бериши мумкин. Масалан:

– парламент ва унинг масъул органларининг мазкур йўналишдаги ваколатларини қонунда аниқ белгилаш;

– парламентнинг ташқи сиёсат бўйича ташкил этилган институтлари, дўстлик гуруҳлари каби органларининг фаол халқаро ҳамкорлиги;

– юқори малака ва тажрибага эга бўлган парламент аъзоларининг кўплиги;

– парламентда мавжуд бўлган молиявий ва институционал ресурслар, яъни чет давлатларга делегацияларни юбориш имконияти, ахборот-таҳлил салоҳияти, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари каби ресурслар мавжудлиги парламент олдига қўйилган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам беради.

Сиёсатшуносларнинг фикрига кўра, парламентларнинг мамлакат ташқи сиёсий вазифаларини амалга оширишдаги иштироки асосан сиёсий тизим, яъни давлат бошқарув шакли, ва сиёсий маданиятга, яъни демократик элементларнинг ривожланганлигига боғлиқдир. Масалан, кўпгина демократик принципларга содиқ парламент республикаси, парламент монархияси ёки президентлик республикаси мамлакатларида парламентлар мамлакат ташқи сиёсатида катта роль ўйнайди ва қатор вазифаларни амалга оширади.

Бошқача қилиб айтганда, мамлакатда парламентнинг мақоми юқори ва ҳокимиятлар орасида тегишли мувозанат мавжуд бўлса, парламентнинг ташқи сиёсатга таъсири ҳам, ҳукуматнинг парламент олдидаги ҳисобдорлиги ҳам юқори бўлади.

Масалан, тадқиқотларга қараганда Aвстралия, Буюк Британия, Греция, Ирландия, Исроил, Швеция, Швейцария мамлакатларида ҳукумат парламентнинг кучли таъсири остида ташқи сиёсатни амалга оширса, Бельгия, Германия, Голландия, Дания, Испания, Норвегия мамлакатларида давлат раҳбарлари кенг расмий ваколатларга эга бўлишига қарамай, ҳақиқий ҳокимият парламент олдида ҳисобдор бўлган ҳукуматга тегишлидир.

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, парламентларнинг мамлакат ташқи сиёсатини амалга оширишдаги ваколатларининг таъсирчанлиги уларнинг расмий институтларининг ривожланганлигига боғлиқдир. Бу эса ўз навбатида, тегишли стратегик режаларни, концепцияларни, қонунларни қабул қилишни, парламентларнинг ваколатларини аниқ белгилашни назарда тутади.

Масалан, Дания, Норвегия, Финляндия, Швеция, Швейцария мамлакатларида ташқи сиёсат масалаларида зиддиятга йўл қўймаслик ва миллий келишув анъаналарини сақлашга қаратилган қонунчилик яратилган. Мисол учун, Дания конституциясига кўра, ҳукумат ташқи сиёсат масаласида муҳим қарор қабул қилишдан олдин парламентнинг ташқи ишлар қўмитаси билан маслаҳатлашиши белгиланган. Бундан ташқари, AҚШ, Болгария, Польша, Руминия, Россия, Уругвайда парламент ташқи сиёсатга масъулларни, элчиларни тайинлайди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар доирасида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб парламент дипломатиясининг ривожига ва унинг ролини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Биринчидан, мамлакатимизда парламент дипломатиясининг институционал ва норматив-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда. Парламент дипломатиясини амалга оширишдаги Олий Мажлис фаолиятининг устувор йўналишлари, стратегик мақсади ва принципларини белгилаб беришга йўналтирилган Парламент дипломатияси концепцияси қабул қилинди. Унинг қабул қилиниши халқаро майдонда миллий манфаатларни таъминлашда ва парламентнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилувчи парламент дипломатиясининг янги босқичи сифатида эътироф этилмоқда.

Иккинчидан, парламентнинг мамлакат ташқи сиёсатини шакллантиришдаги ва уни амалга оширишдаги роли ошмоқда ҳамда унинг устидан парламент назорати механизмлари кучаймоқда. Хусусан, Олий Мажлиснинг иккала палатасида парламент дипломатиясини ривожлантиришга масъуллар белгиланди. Мазкур лавозимларга юқори малакали, профессионал дипломат, Ўзбекистоннинг ривожи ва миллий манфаатларни ҳимоясига салмоқли ҳисса қўшган давлат арбоблари сайланди.

Учинчидан, парламентнинг нафақат хорижий парламент ёки халқаро парламентлараро ташкилотлар, балки БМТ ва бошқа халқаро институтлар билан турли даражадаги ҳамкорлигини ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда.

Олий Мажлис қисқа вақт ичида Парламентлараро Иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламентлараро ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси каби қатор нуфузли халқаро парламентлараро тузилмаларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланган, дунёнинг 50 дан зиёд давлатлари парламентлари ва Европа Иттифоқи парламенти билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Олий Мажлис палаталарида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари кўпаймоқда ва уларнинг фаолиятини фаоллаштиришга эътибор қаратилмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, халқаро майдонда Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, парламентнинг ролини ошириш ва унинг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги ютуқлари ижобий баҳоланмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсадидан келиб чиқиб, самарали парламент дипломатияси – миллий манфаатларни ҳимояси ва мамлакат ривожи учун катта ҳисса қўшиши мумкинлигини инобатга олиб, қуйидагилар таклиф этилади:

биринчидан, парламентнинг ташқи сиёсат борасидаги ролини қонунчилик ва институционал шаклларини такомиллаштириш, парламент қўмиталарининг ваколатларини аниқ белгилаш масалаларини кўриб чиқиш;

иккинчидан, бугунги куннинг талабларидан келиб чиқиб, қўшни давлатлар билан парламент алоқаларини турли йўналишда ривожлантириш, Ўзбекистонда парламентлараро мулоқот майдонларини шакллантириш, мамлакатимиз ва минтақа учун муҳим ва долзарб мавзуларда парламентлараро ҳамкорликни тизимли равишда амалга ошириш;

учинчидан, хорижий мамлакатлар, халқаро ва минтақавий парламентлараро ҳамкорликни доимий равишда ривожлантириш, парламентлараро ташкилотларда Ўзбекистон ва минтақа учун долзарб бўлган турли масалалар бўйича фаол иштирок этиш.

 

 Тўраев Дониёр Бахтиёрович,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари

институти директор ўринбосари

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan