Бугун ўтказилган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг
46-сессияси Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга бўлди, десак айни ҳақиқат. Негаки, мамлакатимиз мазкур тузилма аъзоси сифатида унда биринчи марта иштирок этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу нуфузли анжуманда нутқ сўзлаб, инсон ҳуқуқларига доир бир қатор ғоя ва ташаббусларни илгари суриши сессиянинг аҳамиятини янада оширди.
Хусусан, Юртбошимиз янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган демократик ислоҳотлар ортга қайтмайдиган даражада қаътий тус олганини қайд этиш асносида ушбу йўналишдаги асосий жиҳатларга эътибор қаратди. Айниқса, яқин вақтлар ичида парламент томонидан ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилиниши, жорий йилда яна 20 мингдан ортиқ кишининг фуқаролик олиши, қийноқларга йўл қўйилмаслиги ва бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъий назар жазоланиши, Ўзбекистон бу масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарни кутиши алоҳида таъкидланди.
Хўш, ушбу йўналишда парламент томонидан қандай ишлар амалга оширилиши керак?
Давлатимиз раҳбарининг сессияда илгари сурилган ташаббусларидан келиб чиқиб, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, аввало, Жиноят-ижроия кодексининг маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қисмининг Навоий вилоятида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида ижро этилиши ҳолатини ўрганишни мақсад қилиб олди.
Мазкур масала Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам таъкидланган эди.
Олдимизда турган муҳим вазифалардан яна бири – жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслардан келиб тушган мурожаатлар билан ишлашдан иборат. Гап шундаки, 2020 йилда Сенатга ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га 1387 та мурожаат жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслардан келиб тушган эди.
Ушбу мурожаатлар, шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган қийноқ билан боғлиқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан алоҳида назоратга олиниб, ўрганиб чиқилди.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ўғирликда гумонланган фуқарони уриб ўлдирган, шунингдек, Андижон шаҳрида ноқонуний ушлаб турган ҳолда иқрорлик кўрсатуви беришга мажбурлаш мақсадида зўрлик ишлатиб босим ўтказилиши оқибатида фуқаронинг вафот этишига сабабчи бўлган ички ишлар бўлими ходимларининг ноқонуний ишлари Қўмита томонидан алоҳида назоратга олиниб, уларга нисбатан узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шу сабабли юқорида қайд этилган масалани Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан биргаликда ўрганиш ва якунларига кўра Сенат қўмитасининг сайёр мажлисида масъул раҳбарлар ахборотини эшитиш режалаштириб олинди.
Умуман, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар, хусусан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш борасида биз, сенаторлар ҳам барча давлат ва жамоат ташкилотларига камарбаста бўламиз. Зеро, инсон қадри олий қадрият даражасига кўтарилган жойда тараққиёт ва ривожланиш бардавомдир.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати