Мустақиллик – тараққиёт асоси – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоиловнинг «Миллий парламентаризмнинг тараққиёт одимлари» номли мақоласи энг нуфузли газеталардан бири – «Халқ сўзи»нинг 28 августдаги 186-187-сонларида чоп этилди, қатор расмий веб-сайтларда ва энг оммавий ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

Таъбир жоиз бўлса, мақоланинг истиқлол билан тенгдош матбуот нашрида эълон қилиниши ҳам мазмун жиҳатидан энг азиз байрамимизнинг ўттиз йиллиги шодиёнаси билан уйғунлашиб кетган.

Мақолада миллий парламентимизнинг мустақилликка эришганимиздан кейинги даврда тадрижий шаклланиши, ваколатлари ва фаолият йўналишларининг такомиллашуви, айниқса охирги беш йилликда Президентимиз Ш.Мирзиёев амалга оширган халқчил ислоҳотлар ва туб янгиланишлар асносида шиддат билан ривожланганлиги аниқ мисоллар билан ёритиб берилган.

Эътиборлиси, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат асоси ҳисобланган қонунларнинг лойиҳалари Қонунчилик палатасида муҳокама қилиниши, бу борадаги мунозаралар ва фаолиятга доир бошқа ҳолатлар интернет, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият эътиборига тезкор етказилиши ҳамда онлайн ҳавола этиб борилиши, шунингдек қўмита ва фракциялар фаолиятидаги мавжуд камчиликлар ҳам очиқ ва рўй-рост ифодаланган.

Бу эса Парламент ишида замонавий ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилганлигидан, энг муҳими ошкоралик ва шаффофлик таъминланаётганлигидан далолат беради.

Мақолада демократик ўзгаришлар бош ислоҳотчиси ва ташаббускори Ш.Мирзиёевнинг сўзларидан «Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олдимизда ўта долзарб ва мураккаб вазифалар турибди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун аввало қонун ижодкорлиги соҳасида ишни бутунлай янгича ташкил этишимиз керак» деган иқтибос келтирилиб, бу фикрларнинг нақадар ҳаётийлиги парламент томонидан қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли фаровонлигини оширишга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалда таъминлашга хизмат қилиши хусусидаги асосли изоҳлар билан муфассал ёритилган.

Бундан ташқари, хусусий мулкни, аёлларни, эртамиз эгалари бўлган ёш авлодни, тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, парламент назорати, ижтимоий ва моддий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Ёшлар парламенти ролини ошириш, халқаро парламентлараро ташкилотлар ва хорижий парламентлар билан ҳамкорлик йўналишларида қатор натижаларга эришилганлиги, шу билан бирга депутатларнинг ўзлари сайланган сайлов округига доимий равишда бориб, тўғридан-тўғри сайловчилар билан ишлаш, одамларнинг дарду ташвишларини ҳал қилиш ва амалиётдаги муаммолар ечимларининг ҳуқуқий асосларини қонун ҳужжатларида акс эттириш чораларини кўриш амалиёти анъанавий тус олганлиги, пировардида мамлакатимиздаги ислоҳотлар самарасига ҳамоҳанг фуқароларимиз онгу тафаккурида ҳам кескин ижобий ўзгаришлар юз бераётганлиги диққатга сазовордир.

Таъкидлаш ўринлики, қонунчилик муаммолари, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, қонунларнинг амалдаги таъсири, миллий қонунчиликнинг халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлиги масалаларини таҳлил қилиш, қонун ижодкорлигининг илмий асосларини такомиллаштириш, илғор халқаро тажриба асосида қонунчиликни ривожлантириш ва бошқа тегишли вазифалар ижроси нуқтаи назаридан, парламентимизнинг самарали фаолияти салмоғида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг ҳам муносиб ҳиссаси бор, десак хато бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, мақолага хос умумий жиҳат – олий давлат вакиллик органининг мустақилликдан кейинги ривожи, ютуқлари ва келгуси марралари айнан энг улуғ айём арафасида ўзига хос тарзда сарҳисоб қилинган бўлиб, энг асосийси, унинг замирида истиқлолимизнинг бемисл қадрини биргина миллий парламентимиз шаклланиши тимсолида яққол тасаввур қилиш ва мустақилликнинг ҳаётимиз мазмунидаги, халқимиз тақдиридаги, она-Ватанимиз тараққиёти ва халқаро майдондаги ўрни юксалишидаги аҳамиятини қалбан ҳис этиш мумкин.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan