Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов “Миллий парламентаризмнинг тараққиёт одимлари” мақоласида парламентимизнинг тарихий ва институционал ривожланиш масалалари теран очиб берилган. – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Хусусан, демократик жамият қуришнинг ҳуқуқий негизи бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ёш давлатнинг суверенитетини мустаҳкамлашга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги ва бошқа қатор ўта муҳим қонунлар қабул қилинган.

2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ референдуми якунлари асосида 2005 йилда мамлакатимизда икки палатали парламент шакллангани, қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятининг мутлақо янги даври эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан бошланганлиги асосли эътироф этилган.

         Ўз навбатида, ўзбек халқининг етакчиси Ш.Мирзиёевнинг  «Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олдимизда ўта долзарб ва мураккаб вазифалар турибди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун аввало қонун ижодкорлиги соҳасида ишни бутунлай янгича ташкил этишимиз керак», деган сўзлари келтирилиб, бу фикрлар амалий ифодасининг пойдевори сифатида бугунги кунда Ўзбекистон парламентида қонун ижодкорлиги фаолияти «Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт» деган устувор тамойилга асосланиши, холис баҳс-мунозара ва тортишувлар ҳамда демократик тартиб-қоидаларга, жумладан, сиёсий хилма-хиллик, кўппартиявийлик, масалаларни эркин муҳокама қилиш ва жамоавий ҳал этиш тамойилларига биноан ҳар бир қонун лойиҳаси ёки масала сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида дастлабки тарзда кўриб чиқилмасдан туриб Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилмаслиги билан изоҳланди. Бу албатта, ҳар бир нормаси ҳаётий ва амалда ишлайдиган қонунлар ишлаб чиқилаётганлиги билан диққатга сазовордир.

Парламент томонидан қонунлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тартиби қатъий жорий этилганлиги ва тўғридан-тўғри амал қиладиган, яъни ижро этилиши учун қонуности ҳужжати ишлаб чиқиш талаб этилмайдиган қонунларни қабул қилишга эътибор, ҳам талаб кучайтирилгани қонунларнинг мукаммаллигини таъминлаш ва халқчил  бўлишига хизмат қилади.

Ўтган даврда Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари ва комиссияларининг ишларини фаоллаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш чораларининг кўрилиши натижасида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолияти кескин жонлангани, Қонунчилик палатасида 2015-2019 йилларда 28 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи фаолият олиб борган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони қарийб икки баравар ошиб, 53 тага етганлиги, миллий парламентимизнинг халқаро майдонда халқаро ҳамкорлик масалаларига эътибор кучайганидан, унинг халқаро муносабатларда ўрни ва  нуфузи ортиб бораётганлигидан далолатдир.

         Хулоса ўрнида, Ўзбекистон Республикаси парламенти чинакам халқчил ва халқ парламентига айланаётганини, депутатлар ҳам кечаги депутатлар эмас, балки уларни сайлаб қўйган сайловчилар манфаати учун самарали меҳнат қилаётганлигини, чинакам “халқ-парламент-давлат” ўртасидаги муносабатлар янада янги ва юқори босқичга кўтарилганлигини эътироф этиш жоиз.

ИШАНХОДЖАЕВ Саидахмад Акрамович,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти Иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасида

тадқиқотлар бўлими Бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan