“Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди – Қонунчилик муаммолари институти
БМТ Ўқув маркази тадбирлар Янгиликлар

Бугун, 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, Ёшлар парламентлари ва Ёш қонуншунослар клуби аъзолари иштирок этди. Шунингдек, Конрад Аденауэр номидаги фонд ҳамда Туркия Халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси Тадқиқот департаменти, Қозоғистон Республикаси Президенти девони моддий-техника таъминоти бўлимининг “Парламентаризм институти”, Туркия Республикаси ҳамда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари ҳамда хорижий экспертлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Мазкур тадбир Ўзбекистонда ёшларнинг электорал маданиятини оширишнинг долзарб масалалари ҳамда электорал маданиятни ривожлантиришнинг замонавий воситалари ва шаклларидан фойдаланиш истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, ёшларда бу борадаги хорижий давлатлар тажрибасининг ижобий жиҳатларини ўрганиш мақсадларига қаратилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муҳим сиёсий жараён эканлиги, мазкур жараёнга пухта тайёргарлик кўриш ва уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш, Президент сайлови илк маротаба Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтказилиши, унга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги замон талаблари асосида ривожланишининг босқичлари ва унинг ўзига хос жиҳатлари, сайлов жараёнларида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида халқаро сайлов стандатлари татбиқ этилганлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Қолаверса, аҳолининг электорал маданиятини оширишда тарғиботнинг замонавий усуллари ва шаклларидан унумли фойдаланиш, айниқса, ушбу жараёнда ёшларнинг фаоллигини таъминлаш борасида амалий чора-тадбирларни кўриш зарур эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, жорий йилда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбирда ёшларнинг иштирокини таъминлаш бўйича Ёшлар ишлари агентлиги томонидан кенг кўламли тарғибот ишлари ва турли акцияларни ўтказиш режалаштирилганлиги, Қонунчилик муаммолари институти билан ҳамкорликда ёшларнинг электорал маданиятини ошириш бўйича ҳамкорликда ўтказилаётган лойиҳалар тақдимоти юзасидан маълумот берилди.

Анжуман давомида миллий ва хорижий маърузачилар томонидан ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масаласига эътибор қаратилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan