“Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда ёшларнинг электорал маданиятини оширишнинг долзарб масалаларини ҳамда электорал маданиятни ривожлантиришнинг замонавий воситалари ва шаклларидан фойдаланиш истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек ёшларда электорал маданиятни ривожлантириш бўйича хорижий давлатлар тажрибасининг ижобий жиҳатларини ўрганишдан иборатдир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ёш қонуншунослар клуби аъзолари, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Туркия Халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси Тадқиқот департаменти, Қозоғистон Республикаси “Парламентаризм институти”, Ўзбекистондаги Туркия Республикасининг элчихонаси, Ўзбекистондаги Германия Федератив Республикасининг элчихонаси вакиллари ҳамда хорижий экспертлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси З.Низамходжаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д.Файзиева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Ташмухамедова, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили А.Татыбаев кириш сўзлари билан тадбирни очиб бердилар.

Қонунчилик муаммолари институти директори Ф.Отахонов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муҳим сиёсий жараён эканлиги, мазкур жараёнга пухта тайёргарлик кўриш ва уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш, Президент сайлови илк маротаба Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтказилиши, унга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси З.Низамходжаев аҳолининг электорал маданиятини оширишда тарғиботнинг замонавий усуллари ва шаклларидан унумли фойдаланиш, айниқса, ушбу жараёнда ёшларнинг фаоллигини таъминлаш борасида амалий чора-тадбирларни кўриш зарур эканлиги юзасидан муносабат билдириб, конференция иштирокчиларига электорал маданиятни ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д.Файзиева томонидан Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигининг замон талаблари асосида ривожланиш босқичлари ва унинг ўзига хос жиҳатлари, сайлов жараёнларида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида халқаро сайлов стандатлари татбиқ этилганлиги ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Ташмухамедова жорий йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ёшларнинг иштирокини таъминлаш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ишлари ҳақида таъкидлаб, мазкур муҳим сиёсий тадбирни халқаро стандартларига мувофиқ амалга ошириш борасидаги амалий чора-тадбирлар тўғрисида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Конференция давомида миллий ва хорижий маърузачилар томонидан ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг юксак электорал маданиятини шакллантириш бўйича зарур маълумотлар берилди. Хусусан, Туркия Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшларнинг сайловларда иштирокини таъминлашнинг муносиб ҳуқуқий асослари яратилганлиги ҳақида; Ўзбекистонда ёшларни сайловларга жалб этишнинг халқаро стандартларга мувофиқ амалга ошириш; ёшларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштироки бўйича Германия тажрибаси ҳақида фикрлар билдирилди.

Ташкилотчилар томонидан тадбир давомида билдирилган таклиф ва тавсиялар ҳамда конференция таҳририй гуруҳига келиб тушган мақолаларни ўз ичига олган “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция материаллари тўплами ва “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” махсус сонини чоп этиш режалаштирилганлиги таъкидланди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan