Жамоатчилик назорати такомиллаштирилиши йўлидаги муҳим қадам – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони жамоатчилик назоратини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Ушбу ҳужжат билан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик даражасини янада ошириш бўйича “йўл харита” белгилаб берилди. Фармон билан бир қатор тартиблар жорий этилмоқда.

Хусусан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари амалга оширган давлат харидлари, харажатлари ва молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради. Шунингдек, ҳар йили 1 мартга қадар давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига оид ҳисоботни расмий веб-сайтларига жойлаштириши, 1 апрелга қадар мазкур ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказиши белгиланмоқда.

Фармонда мутасадди вазирлик ва идораларга фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаши борасида бир қатор вазифалар юкланиши билан биргаликда Олий Мажлис палаталарига ҳам ўз расмий веб-сайтларида айрим маълумотларни жойлаштириш тавсия этилмоқда. Жумладан, парламент назорати объектларининг ҳисоботларини эшитиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар, Қонунчилик палатасида депутатнинг ҳар бир қонун (қарор) лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этишдаги, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисида, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, сайлов округлари ҳамда уларнинг электрон почта манзиллари ҳақидаги маълумотларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш тавсия этилмоқда. Бу ўз навбатида, сайловчиларнинг ўз депутати фаолияти билан яқиндан танишиш билан биргаликда ўзини қийнаб турган масалалар юзасидан депутат билан тезкорликда боғланиш имконини беради.

2021 йил 1 декабрдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини белгилаб қўйилди.

 

Фармон билан давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлашга оид ислоҳотларни ўз ичига олган – “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини янги таҳрирда ишлаб чиқиш белгиланди. Шунингдек, мутасадди вазирлик ва идоралар зиммасига мазкур фармондан келиб чиқиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вазифаси юкланди

 

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга хизмат қилса, биз депутатлар олдига соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, қонун нормаларини ижро этилишини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан назорат-таҳлил ва парламент назоратини олиб бориш вазифаларини қўяди.

 

 

Хайрилло ҒАФФОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan