Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Унда шу йил 24 октябрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари, унда ёшларнинг иштироки, Ўзбекистонда ёшларнинг электорал маданиятини оширишнинг долзарб масалалари ҳамда электорал маданиятни ривожлантиришнинг замонавий воситалари ва шаклларидан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшларда электорал маданиятни ривожлантириш бўйича хорижий давлатлар тажрибасининг ижобий жиҳатлари кўриб чиқилди.  

 Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозил Отахонов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муҳим сиёсий жараён эканлиги, мазкур жараёнга пухта тайёргарлик кўриш ва уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш, Президент сайлови илк маротаба Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтказилиши, унга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.  

 Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев электорал маданиятни ошириш, сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ишлари, бу жараёнда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш борасида Марказий сайлов комиссияси томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумот берди.  

 Қайд этилганидек, бугунги кунда 14 та сайлов округи ўз фаолиятини олиб бормоқда, 10 минг 776 та сайлов участкасининг таркиби тасдиқланди. Сайлов жараёни билан бевосита ишлайдиган 13 минг 700 дан ортиқ иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, сайлов қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиланишлар билан янада яқинроқ таништириш мақсадида ўқув-семинарлар, тренинг ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Мазкур жараёнларда ёшлар ҳам фаол иштирок этмоқда.  

 Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси раиси аккредитациядан ўтаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, шу жумладан, хорижий ОАВ вакиллари сони ортиб бораётганини таъкидлади. Шу вақтгача жами 850 дан ортиқ ОАВ вакили, шундан 50 нафардан зиёд хорижий журналистлар аккредитация қилинган ва ҳамон таклиф ва аризалар келиб тушмоқда.  

 Таъкидланганидек, ёшлар янгича фикрлайдиган, янгича ғоя ва ташаббусларни илгари суришга мойил фаол қатламдир. Шу билан бирга, сайловчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этар экан, олдимизда турган сиёсий жараёнда уларнинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ёшларнинг сайлов жараёнидаги фаоллиги, уюшқоқлиги уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини намоён этади.  

 Конференция давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари вакиллари, палаталар ҳузуридаги Ёшлар парламентлари фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ёш қонуншунослар клуби аъзолари, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Туркия Халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари сўз олиб, Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигининг замон талаблари асосида ривожланиш босқичлари, унинг ўзига хос жиҳатлари, сайлов жараёнларида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолининг электорал маданиятини оширишда тарғиботнинг замонавий усуллари ва шаклларидан унумли фойдаланиш, ёшлар ва сайлов масаласида Туркия, Германия тажрибалари хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

 Аҳолининг электорал маданиятини оширишда тарғиботнинг замонавий усуллари ва шаклларидан унумли фойдаланиш, айниқса, ушбу жараёнда ёшларнинг фаоллигини таъминлаш борасида амалий чора-тадбирларни кўриш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

— Ёшлар ва сайлов — бу икки тушунча ўзаро боғлиқ ва сайловни ёшларсиз тасаввур қилиб бўлмайди, — дейди Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси ўринбосари Акбаршоҳ Тешабоев. — Шу боис ҳам олдимизда турган сайлов жараёнларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги конференцияда ҳам аҳоли, жумладан, ёшларнинг электорал маданиятини ошириш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ёшларга содда, тушунарли тилда сайлов жараёни ҳақида тарғиб қилиш, хорижий тажрибаларни таҳлил қилиб, олдимизда турган вазифаларни белгилаб олишни мақсад қилганмиз. Масалан, Германиянинг сайлов бўйича тажрибасини оладиган бўлсак, асосий эътибор тарқатма материалларнинг аҳолига тушунарли бўлишига қаратилар экан. Миллий ва хорижий тажрибалар асосида тайёргарлик ишларини янада жадаллаштирамиз. Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти жойларда аҳоли ва ёшлар орасида тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этиб бормоқда.  

 Ташкилотчилар томонидан тадбир давомида билирилган таклиф ва тасиялар ҳамда конференция таҳририй гуруҳига келиб тушган мақолаларни ўз ичига олган “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция материаллар тўплами ва “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси”нинг махсус сонини чоп этиш режалаштирилганлиги таъкидланди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan