Миллий парламентимиз фаолиятининг мутлақо янги даврида фаолият олиб боряпмиз – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Истиқлол йиллари юртимизда янги юксалиш даврига тамал тошини қўйди. Чунончи, давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилди, юрт тараққиёти йўлидаги катта марралар мард ва олижаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан забт этилди. Айниқса, сўнгги беш йил юксалиш ишларини янада юқори босқичга олиб чиқди. Ўзбекистон Президенти танлаган янги сиёсий йўл зафар қозонди. Шавкат Мирзиёевнинг айнан Президентлик фаолияти билан бирга “инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари”, “очиқлик ва ошкоралик”, “жамоатчилик назорати”, “хусусий мулк дахлсизлиги” каби тушунчалар инсонларнинг реал ҳаётига чуқур кириб, амалий аҳамият касб этди.

Қонуний устуворлик илк ўринга кўтарилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасидан бошлаб 2005 йилда мамлакатимизда шакллантирилган икки палатали Олий Мажлис: доимий фаолият кўрсатадиган профессионал орган — Қонунчилик палатаси ҳамда ҳудудлар манфаатини ифода этадиган вакиллик органи — Сенатдан иборат парламент фаолиятининг мутлақо янги даври бошланди. Мурожаатнома парламентнинг мамлакат ҳаётидаги ролини чинакамига оширди. Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги сиёсий йўлидаги муҳим устуворликлар ҳамда вазифалар бўйича ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлаш учун кенг имкониятлар эшигини очди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон ИСМОИЛОВнинг мазкур мавзу таҳлил этилган мақоласини ўқирканман, қонун ижодкорлиги — Қонунчилик палатаси фаолиятининг энг муҳим, биринчи галдаги вазифаси эканлигини янада чуқур ҳис қилдим. Чунки қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам, Спикер таъкидлаганидек, Қонунчилик палатасидаги ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича муҳокамалар холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам “демократия мактаби”га айланмоқда. Биз биринчи навбатда, қонун ижодкорлиги фаолияти “Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган устувор тамойилга асосланиб фаолият юритишимиз шарт ва шунга амал қилмоқдамиз.

Шу ўринда қайд этиш керакки, мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўтган қисқа даврда халқ сайлаган вакиллик органлари — парламент ва халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ўзгартирди.

Бугунги кунда парламент нафақат вакиллик, қонун ижодкорлиги, назорат фаолиятини амалга ошириш, балки Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган, очиқ, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи ҳамкорликка қаратилган ташқи сиёсатни юритишда ҳам фаол иштирок этаётгани халқаро парламентлараро алоқаларни мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос равишда янги сифат босқичига кўтарилишига хизмат қилаётир.

Ўзбекистон дунёдаги энг нуфузли халқаро парламент ташкилотлари бўлган Парламентлараро Иттифоқда, ЕХҲТ Парламент Ассамблеясида, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясида ўзининг аъзолигини тиклагани эса кенг доирадаги масалалар бўйича самарали ҳамкорлик борасида қўшимча имкониятлар эшигини очди.

 

 

Тоҳиржон АҲМАДАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати 

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan