Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон парламент ислоҳотларини қўллаб-қувватлайди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Шу кунларда Австрия пойтахтида Парламентлараро иттифоқ томонидан БМТ ва Австрия парламенти билан ҳамкорликда ташкил этилган Аёл спикерларнинг 13-саммити ва Парламентлар раҳбарларининг 5-бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Уларда Сенат Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси иштирок этмоқда.

6 сентябрь куни Сенат раҳбари Парламентлараро иттифоқ Бош котиби М.Чунгонг билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ҳамкорлиги, кун тартибидаги энг устувор масалалар муҳокама қилинди.

Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Президент Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ва сиёсий партияларнинг ролини янада мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларга юқори баҳо берди. У хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш бўйича республика давлат сиёсатининг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Маълумки, 2022 йилда парламентлар аёл спикерларининг навбатдаги 14-саммити Марказий Осиё давлатлари тарихида илк бор мамлакатимизда ўтказилади. Мазкур тадбир ташкил этилишини гендер мувозанатни таъминлаш соҳасидаги Ўзбекистон ютуқлари эътирофи сифатида баҳолаш мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Учрашувда бўлажак саммитни ташкилий ва мазмун жиҳатидан юқори даражада ўтказиш бўйича Олий Мажлис Сенати ва Парламентлараро иттифоқ котибияти ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

М.Чунгонгнинг фикрича, жорий йилнинг июнь ойида Бухорода Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда Парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форумининг муваффақиятли ўтказилиши, унинг якунлари бўйича қабул қилинган Бухоро декларацияси бу жараёнларга қонун чиқарувчи органларнинг бевосита жалб этилишида барқарор ривожланиш кун тартибини янада кенг қамровли, очиқ ва ошкора амалга оширишга хизмат қилади.

Парламентлараро иттифоқ раҳбари Ўзбекистон Олий Мажлисига парламентнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги ролини янада мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда, энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий вазифаларни ҳал этишда ташкилот зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканини тасдиқлади.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan