Ўзбекистон қонунчилигига букмекерлик фаолиятига рухсат бериш ва чеклашни назарда тутувчи нормалар киритилади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди, деб хабар беради Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам онлайн қимор, айниқса, ёшлар орасида спортга пул тикиш (betting) оммалашиб бормоқда. Бунинг оқибатида оилавий низолар, турли хил кўнгилсиз ҳодисалар юзага келмоқда.

Таҳлиллар давомида букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари, хусусан, фаолият юритиш талаблари, рухсат бериш тартиб-таомиллари, букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар ижтимоий муносабатларнинг қонун билан тартибга солинмагани аниқланган.

 

Бир қатор хорижий давлатларда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш қонун билан тартибга солинади. Жумладан, Буюк Британия қонунчилигида (Gambling Act, 2005) вояга етмаган шахсларни қимор ва гаров ўйинларидан ҳимоя қилиш масалалари, хусусан, вояга етмаган шахсларни қимор ва гаров ўйинларига жалб қилганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳамда унга кўра, Ўзбекистоннинг қатор қонунларига букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари, хусусан, фаолият юритиш талаблари, рухсат бериш тартиб-таомиллари, букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар назарда тутувчи нормаларни киритиш таклиф этилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, ушбу ташаббусни амалга ошириш орқали букмекерлик соҳасидаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга эришилади.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинган.

Аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ўзбекистон ҳудудида букмекерлик ва тотализатор фаолиятини амалга ошириш учун бирор-бир хўжалик юритувчи субъектларга лицензия берилмаганини маълум қилганди.

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan