Мақолада миллий парламентаризмнинг тадрижий ривожланиши очиб берилиши билан бирга, ўз навбатида, келгусида амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эга бўлган устувор вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилган. Унда Парламентнинг кечаги куни, бугуни ва истиқболи яққол акс этган.
Мақолада таъкидланганидек, қонун ижодкорлиги — Қонунчилик палатаси фаолиятининг энг муҳим ва биринчи галдаги вазифаси ҳисобланади. Қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.
2018 йил 8 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси” тасдиқланди. Унда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолати, ҳимояси ва қўллаб-қувватланишини таъминлаш, уларнинг фикрларини тўлақонли ҳисобга олиш, пировардида “Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун” дейилган принципни ҳар томонлама рўёбга чиқаришга қаратилган тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш мақсад қилиб қўйилган эди.
Дарҳақиқат, мана шу мақсад йўлида олиб борилган ҳаракатлар натижаси ўлароқ, бугунги кунда Парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг олий қадрият эканлиги ҳақидаги конституциявий принцип ўз тасдиғини топмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, демократик янгиланишлар сифат жиҳатидан изчил юксалиб бораётган бугунги даврда давлат ҳокимияти тизимида миллий парламентимизнинг роли тобора кучайиб бораётгани, қонун ижодкорлиги янги босқичга кўтарилгани, халқ том маънода қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифига айлангани Парламентимиз тарраққиёт йўлида илдам одимлаб бораётганлигининг ҳаётий намунасидир.