ЕХҲТ Парламент ассамблеяси кузатувчилари миссияси Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Вена шаҳрида Парламентлараро иттифоқ Аёл спикерларнинг 13-саммитида иштирок этаётган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти  Парламент ассамблеяси президенти Маргарита Седерфельт билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот ўртасидаги ҳамкорлигининг устувор йўналишлари кўриб чиқилди. Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайловида Ассамблеянинг кузатувчилари миссиясининг иштироки ҳамда ЕХҲТ ПА президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

М.Седерфельт мамлакатимизнинг мазкур ташкилот билан фаол ҳамкорлигини юқори баҳолади, шу туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ассамблея ўртасидаги ўзаро муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

У Парламент ассамблеяси кузатувчилари миссиясининг шу йил 24 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайловини кузатишда иштирок этишга таклиф этилгани учун миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, ПА делегацияси сайловда юқори даражадаги таркибда иштирок этади ва бу Ташкилот доирасида Ўзбекистонга “алоҳида эътибор берилаётгани”дан далолат беради.

М.Седерфельт яқинда янги тайинланган Ассамблея вице-президенти, Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пиа Каумнинг фаолияти доирасида минтақадаги мамлакатлар, айниқса, биринчи навбатда Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ўртасида ЕХҲТ ПА президенти Маргарет Седерфельтнинг яқин вақт ичида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan