Ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш акциясига старт берилди – Қонунчилик муаммолари институти
Сайловга оид мақолалар Сайловга оид янгиликлари Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан жорий йилнинг 11 сентябрь – 5 октябрь кунлари давомида “Ёшларнинг сиёсий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш акцияси”ни ўтказиш режалаштирилган.

Шу мақсадда 2021 йил 11 сентябрда Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида мазкур акцияга старт берилди.

Тантанали очилиш маросимида ташаббускор ташкилотлар вакиллари, Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши аъзолари, Элликқалъа тумани ҳокими ўринбосарлари, давлат ташкилотлари ва муассасаларидаги ёшлар етакчилари, шунингдек фаол ва иқтидорли ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Унда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов сўз юритиб, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган демократик ислоҳотлар, хусусан, ёшлар учун ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан яратилган ҳар томонлама қулай шароитлар, имтиёзлар ва имкониятларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг қонуний кафолатлари, сиёсий жараёнларда ёшлар иштирокининг аҳамияти, сайловларнинг мамлакат тараққиёти ва халқ турмуш фаровонлигини янада оширишдаги ўрни ҳақида ҳаётий мисоллар келтириб ўтди. Ташкил этиладиган ўқув курсларида Қорақалпоғистон Республикасидан жами 1 минг 490 нафар ёш тарғиботчиларнинг амалий билим ва кўникмаларини бойитиш мақсад қилинганлиги хусусида аниқ маълумотлар берди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори А.Алымов томонидан сиёсий-ҳуқуқий ўқув курсларининг Қорақалпоғистонда бошланиши қорақалпоқ ёшларига қаратилаётган катта эътиборнинг яна бир намунаси экани, ёшлар сиёсий жараёнларда фаол бўлган ҳолда мамлакат тақдири ва келажаги учун дахлдорлик ҳисси билан яшаши кераклиги, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшлар олдинги сафларда бориб, ташаббус ва фидойилик кўрсатишлари зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Тантанали тадбирдан сўнг Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов бошчилигида республика тренерлар гуруҳи – Институтнинг бўлим бошлиқлари А.Тешабоев ва Д.Рахмановлар, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази мутахассиси З.Ахмаджонов, IT (ахборот технологиялари) мутахассиси Ш.Аралов ҳамда ҳудудий тренерлар – Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Нукус давлат педагогика институти ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университети Нукус филиалининг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан акция доирасидаги ўқув курслари олиб борилди.

Машғулотларда Элликқалъа, Беруний ва Тўрткўл туманларидан 350 нафар ёш тарғиботчиларга “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари. Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти”, “Инсон онгига таъсир кўрсатишнинг самарали воситалари”, “Нутқ маданиятини шакллантириш технологиялари. Нотиқлик санъатида нутқни кучайтирувчи ва салбий таъсир этувчи омиллар”, “Сиёсий онг ва сиёсий маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантиришнинг муҳим жиҳатлари”, “Воқеа ва ҳодисаларни қиёсий таҳлил қилишнинг назарий асослари”, “Ўзбекистон ёшлари – келажак драйверлари бўлишларининг муҳим босқичлари”, “Ёшларда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот тадбирларини ўтказишнинг замонавий воситалари” каби қатор мавзуларда назарий ва амалий билимлар берилди.

Тренинглар 13 сентябрда Элликқалъа туманида якунланиб, навбатдагилари Қонликўл, Қўнғирот, Хўжайли, Қораўзак туманлари ва Нукус шаҳрида давом этади.

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan