Жорий йил 11 сентябрда Элликқалъа туманидан бошланган “Ёшларнинг сиёсий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш акцияси” доирасидаги ўқув курслари Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа ҳудудларида ҳам жадал давом этмоқда.
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов раҳбарлигида Институт бўлим бошлиқлари А.Тешабоев ва Д.Рахманов ҳамда қатор тажрибали мутахассислар томонидан Қонликўл, Шўманой, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларидаги фаол ёшлар иштирокида машғулотлар олиб борилмоқда.
Сир эмаски, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим шартларидан бири ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш ҳисобланади. Бу жараён, айниқса, мамлакат келажаги учун овоз беришдан иборат бўлган муҳим сиёсий воқелик – давлат раҳбарлигига сайлов арафасида том маънода ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу боисдан ҳам ўқув тренингларда ёшларнинг электорал маданиятини, бу борадаги ҳуқуқий саводхонлигини зарур билимлар мажмуи билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Энг қувонарлиси, порлаб турган кўзларида балқиган ёшлар қалбидаги она-Ватанга муҳаббат, дахлдорлик ва келажакка қатъий ишонч туйғуларидан йўғрилган олов ва шиддатни кўриб, тадбирлар ҳам иштирокчилар кайфиятига ҳамоҳанг тарзда ёшларча, ҳар он янгидан-янги ғайрат, катта иштиёқ ва кўтаринки руҳ билан ўтмоқда.