Инсон ва жамият ҳаётида олий вакиллик органининг аҳамияти беқиёс.
Сир эмаски, халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принциплардан бири ҳисобланади.
Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистоннинг давлат бошқаруви сифати юқори даражага эга давлатлар қаторидан ўрин олишига эришиш зарур”, деб бежизга таъкидламаган эди.
Парламент – демократия кўзгуси ҳамда шахс, жамият ва давлат муносабатларини тартибга солувчи, улар ҳамкорлигининг натижадорлигини таъминловчи давлат ҳокимияти тури ҳисобланади.
Ўзбекистонда давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида қонунлар қабул қилиш ваколатини амалга оширган ҳолда, инсон манфаатларининг асосий ҳимоячиси сифатида майдонга чиқмоқда.
Парламент фаолиятининг шаклланиши билвосита Ўзбекистон мустақиллиги билан тенгдош. Демак, том маънода парламент Ўзбекистонда давлат ва жамият муносабатларини тартибга солишда олий вакиллик органи сифатида намоён бўлади. Ривожланган мамлакатларда, хусусан Ўзбекистонда ҳам парламент фаолияти тажрибаси вакиллик демократияси институти сифатида такомиллашиб бормоқда.
Вакиллик демократияси – ҳозирги замон давлатларида сиёсий иштирок этишнинг етакчи шакли саналади. Унинг моҳияти фуқароларнинг қарорлар қабул қилишда, давлат органларига ўзларининг манфаатларини ифодаловчи вакилларини сайлашда, қонунлар қабул қилишда ва кўрсатмалар беришда бевосита иштирок этишида намоён бўлади.
Вакиллик демократияси қуйидаги таркибий қисмлардан: марказда (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси) ва жойларда (халқ депутатлари Кенгашлари) давлат ҳокимиятининг сайланадиган вакиллик органлари тизими, шунингдек давлатнинг (масалан, Ўзбекистон Республикаси Президенти) ёки вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг (депутат, фуқаролар йиғини раислари) сайланадиган мансабдор шахслари; сайланганлар ва сайловчилар, аҳоли ўртасида ўзаро алоқа ва муносабатларни ифодаловчи демократик институтлар йиғиндисидан иборат.
Жамиятда вакиллик демократиясининг мавжудлиги парламент фаолиятининг асосини ташкил этиб, у қуйидаги имкониятларни ўзида мужассамлаштиради.
а) халққа сайловлар воситасида сайловчиларнинг ишончини оқламаган депутат ва сенаторларни алмаштириш имкониятини беради;
б) фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди, уларни давлат мансабдор шахсларининг зўравонликларидан ҳимоя қилади;
в) фуқароларга бошқа сиёсий тизимларга қараганда шахсий ҳуқуқлар доирасини кенгроқ яратиб беради;
г) инсонларга ўз манфаатларини тегишли сиёсий ташкилотлар ташкил этиш орқали ифодалаш ва ҳимоя қилиш имкониятини беради.
Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб ўтилганидек, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак»деган тамойил давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида парламентнинг жамиятда ўз мақомига қўйилган муҳим талаб сифатида кўриш мумкин.
Бу борада парламент назоратининг мамлакатни жадал ривожлантириш шартларига ва халқаро стандартларга мос Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунлар мажмуидан иборат қонунчилик базаси яратилди. Парламент бу борада бюджет маблағлари сарфланишини, инсон ҳуқуқларига риоя этиш, давлат органларини шакллантириш ҳамда олий мансабдор шахсларни тайинлаш соҳасидаги назорат тизими шакллантирилиши парламентнинг халқчиллигини кўрсатиб беради.
Халқ томонидан сайланган ва унинг манфаатларини таъминлаши лозим бўлган парламент депутатлари турли жамоат бирлашмалари билан яқин ҳамкорлик қилиши, аҳоли мақсадли гуруҳларининг эҳтиёжларини аниқлаши, уларни таҳлил қилиш якунлари бўйича муайян қарорлар қабул қилиши ҳамда уларнинг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиши йўлга қўйилди. Парламентнинг жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши Президент Ш.Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси»китобидаги «бизнинг бош мақсадимиз – юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилишдан иборат» деган сўзлари тасдиқлайди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Парламент Ўзбекистонда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида етакчи вакиллик органи сифатида муҳим аҳамият касб этиши табиий.
Бахтиёр Тошпўлатов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент
тадқиқотлари институти
йиғма ахборот-таҳлил бўлими
етакчи илмий ходими