Сўнгги йилларда ёшларнинг турли соҳалардаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишини таъминлаш юзасидан ёшларга оид давлат сиёсати жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Қисқа вақт ичида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мутлақо янги тизим яратилди.
Ёшлар сиёсатидаги жадал ривожланишлар эса, ўз навбатида, ёшларнинг нафақат ижро ҳокимиятида, балки вакиллик органларида фаол иштирокини тақозо қилади. Айни шу мақсадда 2020 йилги Давлат дастурида Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари ташкил этилди.
Ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қонун ижодкорлигининг роли беқиёсдир. Ҳар бир қабул қилинаётган қонунда ёшлар манфаатларини инобатга олиш аҳолисининг ярмидан кўпи ёшлар бўлган мамлакатимиз учун муҳим ҳисобланади.
Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ўз нутқларида ёшларнинг вакиллик органларидаги иштирокига алоҳида тўхталиб ўтмоқда. Хусусан, ёшлар кунидаги тантанали анжуманда ҳам бу йўналишда қатор ташаббуслар илгари сурилди. «Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!» деган эзгу ташаббус билан сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларни миллий парламент ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этиш назарда тутилди.
Шу билан бирга, халқ депутатлари Кенгашлари тавсияси асосида ёш, шижоатли ва фидойи ёшларни Олий Мажлис депутатлари ҳамда сенаторларига бириктириш, маҳаллий кенгашларда ҳам худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби ёшлар парламенти вакиллари мактабини ташкил этиш таклифлари билдирилди.
Мазкур ташаббусларнинг барчаси республикамизнинг турли ҳудудларидаги ёшларнинг овозини «халқ уйи»да, яъни парламентда эшитилишига хизмат қилади.
Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда фақат муаммони кўтариш ва масала киритиш эмас, балки унга қонуний ечим топиш ўта муҳим. Ёшлар ҳаётидаги қонуний ечим бўйича эса, албатта, ёшларнинг ўзи ташаббус кўрсатиши ва уни амалга ошириши керак. Ёшлар парламенти эса ана шундай ечимни ташаббус қилиб олиб чиқувчи ёшлар ва парламент ўртасидаги мустаҳкам кўприкдир.
Мухтасар қилиб айтганда, Ёшлар парламенти миллий парламентнинг янги авлод депутатлари, сенаторлари етишиб чиқишига хизмат қилувчи Янги Ўзбекистоннинг такрорланмас институти ҳисобланади.
Шаҳноза Жолдасова,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институтининг бош илмий ходими