Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятининг қонуний асосларини яратишда Олий Мажлиснинг ўрни ва роли борасида қатор концептуал аҳамиятга молик ғоялар илгари сурилган.
Нима учун Ўзбекистон хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятининг қонуний асосларни яратиш долзарб бўлиб қолмоқда ҳамда “Янги Ўзбекистон стратегияси”да марказий ўринлардан бирини эгаллаган?
Назаримизда, бунинг бир нечта сабаблари мавжвуд.
Биринчи сабаб. Давлат раҳбарининг қатор ташаббуслари билан охирги тўрт йил ичида давлат хавфсизлиги ва мудофаасининг мазмунан ва шаклан тамомила янги модели яратилган, десак муболаға бўлмайди. Давлат хавфсизлиги органлари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, унинг асосий вазифалари ва устувор йўналишлари қайта кўриб чиқилди. Миллий армиямиз замонавий талабларга мос равишда модернизация қилинди, улар фаолиятининг қонунчилик асослари такомиллаштирилди.
Шу билан бирга, бир томондан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида очиқлик, барча давлатлар билан дўстона ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш принциплари эълон қилиниши халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатимизга бўлган қизиқишини кескин оширди. Бу эса мамлакат раҳбариятидан, шу жумладан миллий парламентдан давлат хавфсизлигининг фаолият векторларини ва устуворликларини ўзгартиришга йўналтирилган қонунчилик асосларини яратиш эҳтиёжини юзага келтирмоқда.
Иккинчи томонидан эса, АҚШ қўшинлари мамлакат ҳудудини тарк этиши муносабати билан қўшни Афғонистондаги вазият тубдан ўзгариши олдимизда янги таҳдид ва хавф-хатарлар вужудга келишига сабаб бўлди. Шу муносабат билан, мазкур таҳдид ва хавф-хатарлар самарали ечилиши, кўп жиҳатдан, мустаҳкам ва ўз вақтида қабул қилинган ҳаётий қонун ҳужжатларига боғлиқ.
Иккинчи сабаб. Хавфсизлик ва мудофаа масалалари Ўзбекистонда ривожланишнинг доимий устувор йўналишларидан бири ҳисобланган. Бу масалалар республикада конституциявий мақомга эга. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазкур масалаларга бағишланган ХХVI бобида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади. Қуролли кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун билан белгиланади (125-модда). Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли кучларига эга (126-модда)” деган нормалар мустаҳкамлаб қўйилган.
Бугунги кунда мазкур конституциявий нормаларни, биринчидан, янада такомиллаштириш ва ривожлантириш; иккинчидан, уларни амалиётга жорий қилиш механизмининг тизимини янада кенгайтириш ва юқори сифат даражасига кўтариш долзарб бўлиб қолмоқда. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, шунингдек қонунчилик ташаббусининг барча субъектлари зиммасига улкан ва ўта масъулиятли вазифаларни бажариш мажбуриятини юклайди. Бу ишларнинг пировард мақсади – нафақат юртбошимиз тамал тошини қўйган Янги Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини таъминловчи қонунчилик асосларини яратиш, балки замон талабларига жавоб берадиган янги тизимларни шакллантиришдан иборатдир.