Камбағалликни қисқартиришнинг ижтимоий-ҳуқуқий асосларини шакллантиришда қонунчиликнинг аҳамияти – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар Янгиликлар

Aҳолининг кам таъминланган қатламларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари мудом долзарблигича қолмоқда. Бу ҳақда Ш.Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли асарида алоҳида фикр юритилган.

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида жорий қилинган кам таъминланган аҳоли қатламларига ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашнинг кўп қиррали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари самараси юқори бўлмаганини эътироф этган ҳолда, Президентимизнинг ташаббусларига биноан мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган институционал қонунчилик тизими шакллантирилди.

Камбағалликни камайтириш масаласи давлатнинг устувор вазифаси сифатида юртбошимиз биринчи марта 2020 йил 24 январда парламентга қилган Мурожаатномасида белгиланди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек: “Турли ҳисоб-китобларга кўра Ўзбекистонда кам таъминланган аҳоли қатламлари улуши 12-15 фоизни ташкил этади, бу 4-5 млн аҳоли деганидир”.

Президентимизнинг 2020 йил 26 мартдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди.

Мамлакатда қашшоқликни камайтиришнинг асосий йўналишлари ва усулларини белгиловчи қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Улар сирасида аҳолини ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, инфратузилмани яхшилаш, таълим билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи қонунларни алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистон Республикасининг           2020 йил 20 октябрда қабул қилинган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуни шулар жумласидандир.

Ижтимоий заиф ва кам таъминланган оилаларни самарали қўллаб-қувватлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2020 йил 18 февралдаги фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Ушбу соҳада вертикал тизим ўрнатилди ва маҳалла, туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда камбағалликни камайтириш учун масъул лавозимлар жорий этилди.

Ҳукумат таркибига молия-иқтисодиёт ва камбағалликни камайтириш масалалари бўйича Бош вазир ўринбосари лавозими киритилди.

Аҳолининг камбағал ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган қатламлари рўйхати – “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Олтин дафтар” тизими ташкил этилди, бозорда талаб юқори бўлган касблар бўйича аҳолини ўқитиш, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш, шу жумладан, тадбиркорликка жалб қилишни назарда тутувчи янги механизмларни жорий этиш мамлакатда камбағалликни камайтиришнинг асосий шартлари сифатида белгиланди.

Мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг ижтимоий-ҳуқуқий асосларини шакллантириш ҳамда Янги Ўзбекистоннинг янги ижтимоий ҳимоя тизимини янада ривожлантириш борасида ижобий натижалар кўрсатиши, шубҳасиз.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan