Ўзбекистонда олий вакиллик органи – Парламентнинг шаклланиши истиқлолнинг қўлга киритилиши ва мустақиллик йилларидаги ривожланиш жараёни билан бирга кечди. Зеро, демократик давлат қуришни ўз олдига мақсад қилган Ўзбекистон учун халқ манфаатларини ифода этувчи ҳокимият органларини шакллантириш давлатнинг энг асосий устувор йўналишларидан бири эканлиги белгилаб қўйилди.
Парламент – давлат ва жамият муносабатларини тартибга солиш, такомиллаштириш, шунингдек жамият аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилишнинг ўзига хос шаклидир.
Шу билан бирга, парламент халқ хоҳиш-истакларини ўзида ифода этувчи, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги асосий йўналишларини белгиловчи олий вакиллик органи ҳисобланди.
Унинг халқаро муносабатларида БМТ билан ҳамкорлик алоқалари алоҳида ўринга эга. Парламент самарали алоқалар сиёсатини амалга ошириш билан бир қаторда, қисқа муддат ичида кўплаб нуфузли парламентлараро бирлашмаларнинг фаол иштирокчисига айланиб бормоқда. Буларнинг ичида Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ парламент Ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси фикримизнинг тасдиғидир.
Парламентнинг халқаро майдондаги бевосита ва билвосита иштирокидан кўзланган асосий мақсад қуйидагилардан иборат:
– халқаро хуқуқ нормаларини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишнинг асосий йўналишларини аниқлаш ва такомиллаштириш;
– қонун ижодкорлигининг энг замонавий хориж тажрибаларини ўрганиш ва уни Ўзбекистонда жорий этиш;
– нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг хуқуқий асосларини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш;
– инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги халқаро хуқуқ стандартларининг Ўзбекистондаги амалиётини янада кенгайтириш ва қўллаш.
Ҳар қандай жамиятда демократлашув жараёни инсон манфаатларини ўзида мужассам этувчи органларнинг такомили билан бирга амалга оширилиши лозим. Бунда парламентнинг халқаро майдондаги фаолияти етакчи ўрин эгаллайди.
Мустақил Ўзбекистон Парламенти – Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштиришда илғор хорижий тажрибаларнинг аҳамияти беқиёсдир. Хусусан, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг 2020 йил 25 сентябрдаги Қўшма қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Парламент дипломатияси концепцияси тасдиқланди.
Концепция нафақат бошқа давлатлар парламентлари, халқаро парламентлараро тузилмалар билан, балки икки ва кўп томонлама ўзаро манфаатли муносабатларни фаоллаштириш, БМТ, ПАИ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш имкониятини беради.
Парламент дипломатиясининг асосий концепцияси:
– бошқа давлатлар парламентлари билан ҳамкорликни ривожлантириш;
– халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятида Ўзбекистон Парламентининг фаол иштироки;
– бошқа давлат парламентларининг илмий-эксперт ва ахборот-таҳлил хизматлари билан ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш;
– мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш;
– халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ташаббусларини илгари суриш ва нуфузини мустаҳкамлаш;
– халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш вазифалари Парламент халқаро ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилаб беради.
Шунингдек, Парламент БМТнинг Барқарор ривожланиш дастурини амалга оширишда ўзига хос ўрин эгаллаб келмоқда. Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил қилиш мақсадида Олий Мажлис палаталари Кенгашининг 2020 йил 27 февралдаги Қўшма қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси” ташкил этилди.
Президент Ш.Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида Парламент БМТ муносабатларининг узоқ муддатли стратегик ҳамкори эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиб, “БМТ бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон хуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТнинг махсус резолюциясини қабул қилиш мақсадга мувофиқ”- деган сўзлари аслида парламентимизнинг халқаро ташкилотлар, хусусан БМТ билан ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилаб берди, десак муболаға бўлмайди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Учинчи ренессанс бўсағасидаги Янги Ўзбекистонда инсон ва жамият манфаатларини ҳимоя қилувчи давлат ҳокимияти органлари билан аҳоли ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янгича, шаффоф, эркин мулоқот майдонини такомиллаштириш – Ўзбекистоннинг истиқболдаги тараққиёт стратегиясининг асосий йўналиши сифатида ривожлантирилишида ҳамда мамлакатимизнинг БМТ билан ҳамкорлик ва мулоқотни давом эттиришида катта аҳамият касб этади.
Ғ.Маҳаммаджанов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи