Аёллар ҳуқуқи ва манфаатларини таъминлашда парламентаризмнинг аҳамияти – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар Янгиликлар

Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. Гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринларини яратиш, меҳнат ҳамда турмуш шароитларини яхшилаш, Президентимиз таъбири билан айтганда, уларни ҳаётдан рози қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларга нисбатан камситишни бартараф этиш, уларнинг тенг ҳуқуқлилигини амалда таъминлаш Ҳукуматнинг асосий вазифалари этиб белгиланди. Бош қомусимизда аёллар ва эркакларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тенглиги борасида алоҳида модданинг мавжудлиги ҳам бежизга эмас. Конституциямиз асосида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларида хотин-қизларга таълим олиш, касбий тайёрланиш, меҳнат қилиш ва бунинг учун рағбатлантириш каби қатор имкониятларга кенг йул очиб берилган. Бугун республикамизда жамиятимиз ривожи йўлида гендер тенгликни таъминлаш учун аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича кўплаб стратегик режалар, дастурлар амалга ошириб келинмоқда. Бунга мисол қилиб, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларига доир, жумладан хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглиги, аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратиш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни келтириб ўтишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати таркибида миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи “Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси” каби бошқа бир қанча янги тузилмалар ташкил этилган ва бу борада кенг кўламли фаолият бошлаб юборилган. Ташкил этилган тузилмалар фаолиятида эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилигининг ҳамда хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари, аёлларга нисбатан жиноий жазо қўллашдаги чекловлар ва енгилликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизаси, иш вақтининг қисқартилганлиги, улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш шартлари, йиллик таътиллар беришдаги имтиёзлар, аёллар меҳнати қўлланилиши тақиқланган ишлар, ҳомиладор ва ёш болали аёлларга енгилроқ иш бериш кафолатлари, бола парвариши учун таътил, уй-жойга муҳтож аёлларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш тартиби, ўқишга киришдаги имкониятлар, турли тазйиқ ва зўровонликлардан ҳимоя қилиш каби қатор нормалар кенг қўлланилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари ва амалдаги қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эса фикримизнинг ёрқин далилидир.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалдаги ижроси ҳамда хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада ошириш борасидаги исоҳотларнинг ижобий самараси сифатида мамалакат тарихида илк бора Сенат раислигига аёл киши сайланганлиги, маҳаллий ижро органлари тизимида аёл ҳокимлар фаолият юритаётганлиги сиёсий ва ижтимоий ҳаётда аёллар асосий ўрин эгаллаётганидан далолатдир. Бу эса парламентаризмнинг роли ва аҳамияти янада ортишига хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтлидир” мавзусида айнан аёллар ҳуқуқларининг ҳимояси, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда тутган ўрни ва салоҳиятига кенг йўл очиш борасидаги кенг қамровли фикрлари уйғунлаштирилган. Бу, албатта, жамиятда хотин-қизларнинг қадри бугунгиданда ортишига, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром янада яхшиланишига ҳамда оилалар тинчлиги таъминланишига хизмат қилади.

 

Жамила ЭШОНҚУЛОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти

Таҳририят-нашриёт бўлими бошлиғи

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan