Коррупция узоқ ўтмишдан буён инсоният тараққиётига ғов бўлиб келаётган иллатлардан бири ҳисобланади. Шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда унинг шакллари ва амалга ошириш усуллари ҳам кенгайган.
Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланади.
Таъкидлаш керак, ҳар бир жабҳанинг мавжудлигида, тақдирида ва тараққиётида инсон омили ҳал қилувчи ўрин тутади. Бевосита инсон шахси билан боғлиқ бўлган коррупция балоси эса ривожланиш даражасидан қатъи назар, барча мамлакатларда учрайди. Шу боис унга қарши бутун дунё глобал миқёсда, турли замонавий усулларда курашиб келмоқда. Зеро, мазкур иллат инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги асослари бузилишига олиб келади, у мавжуд бўлган ҳар қандай соҳанинг ривошланишига тўсиқ бўлади, одамлар турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ёмонлаштиради, оқибатда инсон, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи жиноятлар илдиз отишига шароит яратилади.
Мамлакатимизда ҳам ушбу даҳшатли ҳодисага қарши курашиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, охирги беш йилда бу борадаги ишлар янада юқори поғонага ва сифат босқичига ўтди, давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бу жараёнда қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўрни ва фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Бинобарин, коррупциявий нормалардан холи, халқаро қоидалар ва стандартлар мазмун-моҳияти билан ҳамоҳанг, амалда тўғридан-тўғри ишлайдиган халқчил қонун ҳужжатларини қабул қилиш ва ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлаш қонун чиқарувчи ҳокимият зимммасига ўта улкан ва масъулиятли вазифаларни юклайди.
Парламентнинг сўнгги йиллардаги коррупцияга қарши курашишга доир фаолияти 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганлиги билан диққатга сазовордир. Шунингдек, Президент Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу борадаги илғор хорижий тажриба ва Конституциямиз талаблари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида қўмиталар ташкил қилишни таклиф этган эди. Шу асосда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилди. Бу эса республиканинг барча ҳудудларида коррупцияга қарши комплекс кураш олиб бориш самарадорлигини янада оширди. Бундан ташқари, келгусида миллий парламент олдида турган бу борадаги истиқболли вазифалар ҳам катта аҳамиятга эга.
Давлат раҳбарининг Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиёт истиқболлари ҳақидаги фикрлари акс этган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида парламентнинг коррупцияга қарши курашишдаги роли ва аҳамияти ортиб бораётганлиги эътироф этилган. Шу билан бирга, асарда коррупция устидан ғалаба қозониш ва “тоза қўллар” сиёсати борасидаги фаолиятимизнинг асосий мақсади – қонун устуворлигига эришиш орқали бу иллатдан халос бўлиш, мамлакатимизнинг коррупцияни рад этадиган ва жамиятда унга нисбатан мутлақо тоқатсизлик муҳитини вужудга келтирадиган давлатлар қаторига киришидан иборатлиги алоҳида қайд этилган.
Бу йўналишда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегияни қабул қилиш, шунингдек “…парламент палаталаридаги коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарининг ваколат ва функцияларини кучайтириш” масаласи коррупцияга қарши кураш борасидаги ишларни йўлга қўйишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалардан бири сифатида келтирилган.
Мухтасар айтганда, миллий парламентимиз келгусида ҳам ўз ваколатларини янада такомиллаштириш ва самарали амалга ошириш орқали Ўзбекистон ҳудудида коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда унга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларга барҳам берувчи ҳуқуқий асос ва механизмларни ўзида аниқ ифодаловчи, ҳаётда тўғридан-тўғри ишловчи қонунларни қабул қилиш ҳамда ижроси устидан олий вакиллик органи назоратини таъминлаш билан бу жараёнда асосий мезон вазифасини ўтайди.