Экологик хавфсизликнинг қонуний асосларини шакллантиришда парламентнинг ўрни – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар Мақолалар Янгиликлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитар ва экологик ҳолатни яхшилаш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида янги давлат бошқаруви тизими шакллантирилди, қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, стратегик ва дастурий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, мавжудлари замон ва макон талаблари доирасида янгиланди.

Айни дамда республиканинг барча ҳудудларида экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар жадал давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг эколог депутатлари ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, 2019–2028 йилларда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш ва 2019–2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиялари ҳам тасдиқланди.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирда қатор етакчи халқаро экспертларни жалб этган ҳолда «Экологик кодекс» лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни кетмоқда.

Экологик кодекс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий ресурслардан фойдаланиш ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиш билан бевосита боғлиқ ҳолда фаолият юритаётган хўжалик субъектлари ва бошқа турдаги корхоналарнинг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш муносабатларида атроф-муҳитни тиклаш ва муҳофаза қилиш жабҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш имконини беради.

Шу билан бирга, олдимизда турган муммолардан бири Орол фожиасидир. Бу ҳақда давлат раҳбари “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида Оролбўйи муаммоси, глобал иқлим ўзгариши ва экологик хавфсизлик, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида урғу бериб, бу муаммоларни ҳал этишда ўзининг аниқ таклиф ва тавсияларини билдириб ўтган.

Орол муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро алоқалар йўналишида БМТ шафелигида ташкил этилган жамғармалар ва кўптомонлама давлатлараро ҳамкорлик Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланишини таъминлаш, у ерда янги билим, инновацион ечим ва технологияларни кенг жорий этишга кўмаклашмоқда.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, мазкур глобал муаммони якка тарзда ҳал этишнинг имконияти мавжуд эмас, шу боис экологик хавфсизликни таъминлашда барча давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг бирдек ҳамкорлиги жуда муҳим ҳисобланади.

Бу эса, биринчи галда, хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро парламентлараро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этади.

Зеро, экологик хавфсизлик кишилик жамиятининг бугуни ва эртаси учун долзарблиги билан энг муҳим муаммолар жумласига киради. Уларнинг амалий жиҳатдан ҳал этилиши эса ҳозирги ва келгуси авлод фаровонлигининг ва ҳаёт даражасининг юқори сифатини кафолатлашда асосий омил ҳисобланади.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan