Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ваколатлари доирасини кенгайтириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йил 21 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида “Маҳаллий кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг иш сифатини ошириш” бўйича ўз таклифларини бериб ўтди.
Бу борада “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 15-бандида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида 2020 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Макур қонун орқали “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларига халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи тегишли ўзгартишлар киритилди.
Қолаверса, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 266-бандида трансчегаравий ҳамкорликда маҳаллий вакиллик органларининг ролини кенгайтириш назарда тутилди.
Бундан ташқари, трансчегаравий ҳамкорликни янада ривожлантириш соҳасида Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган. Ҳужжатда чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашда “халқ дипломатияси”нинг ўрни ва аҳамиятига алоҳида урғу берилган эди.
Ўзбекистон Республикасида ҳудудий масалаларни ҳал қилишда маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини янада такомиллаштириш вазифаси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида ҳам сўз боради.
Жумладан, китобда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг маҳаллий ҳокимликлардан ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, улардаги сиёсий партиялар гуруҳлари ролини янада кучайтириш ва ваколатларини кенгайтириш масалаларига устувор аҳамият берилиши айтиб ўтилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бошқа стратегик масалалари ҳақида ҳам сўз юритилиб, Президентимиз томонидан уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар билдирилган.
Мисол учун, “Янги Ўзбекистон стратегияси”да ҳалигача кўпгина вазирлик ва идоралар фаолиятида қарорлар қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган ҳолда қилинаётганлиги ҳамда баъзиларининг вазифалари аниқ ва тўлиқ бажарилмаслиги, амалий фаолиятда бир-бирини такрорлаш ҳолатлари мавжудлиги хусусида тўхталиб, ечими бўйича давлат бошқарувини марказлаштириш амалиётидан воз кечиш зарурлиги, кўп ваколатларни марказий давлат органларидан ҳудудий органларга ўтказиш жараёнини давом эттириш кераклиги сингари таклифлар берилган.
Шу ўринда айтиш керакки, маҳаллий вакиллик органларининг трансчегаравий ҳамкорлик йўналишидаги ваколатларининг белгиланиши ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа масалаларни ҳал этишнинг янада самаралироқ тизимини яратиши мумкин.
Маҳаллий вакиллик органларининг трансчегаравий ҳамкорлик йўналишидаги фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида қабул қилинган Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 28 апрелдаги “Трансчегаравий ҳамкорликда маҳаллий вакиллик органларининг ролини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, маҳаллий вакиллик органларининг трансчегаравий ҳамкорлик йўналишидаги ваколатларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси ва қўшни давлатлар ўртасидаги трансчегаравий ҳамкорликни турли ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий соҳаларда ривожлантиришга йўналтирилган маҳаллий дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда таъкидлаш мумкинки, маҳаллий вакиллик органларининг трансчегаравий ҳамкорлик йўналишидаги ваколатлари белгиланиши, аввало, давлат бошқаруви тизимида ҳудудий масалаларни, маҳаллий даражадаги ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этишнинг янги тизимини яратишга, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан минтақавий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга ва умуман трансчегаравий ҳамкорлик соҳасида вакиллик органларининг, яъни халқ вакилларининг назорати ўрнатилишига ва улар орқали Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари минтақавий ҳамкорлик жараёнларида таъминланишига хизмат қилади.
Амирбек КЕНЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти бош илмий ходими