Хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг қонуний асосларини таъминлашда Парламентнинг ўрни – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар Янгиликлар

Охирги йилларда мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бу борадаги ташаббус ҳамда лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.

“Ҳар бир фуқаро бой бўлса – давлат бой бўлади, ҳар бир оила фаровон бўлса – мамлакат фаровон бўлади” деган принцип мамлакат иқтисодий сиёсатининг асосий тамойилларидан бирига айланиб, хусусий мулк ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимоясига ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратилди, рағбатлантирилди.

Олий вакиллик органи томонидан мазкур соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган қатор қонунлар, жумладан Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари янги таҳрирда қабул қилинди ва замон шиддатига мос равишда такомиллаштирилиб борилмоқда.

Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”, “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларида ушбу жабҳада амалга оширилиши белгилаб берилган устувор чора-тадбирлар самараси билан чамбарчас боғлиқдир.

Таъкидлаш керакки, “Янги Ўзбекистон” – “Учинчи Ренессанс”га пойдевор яратилаётган бугунги давр иқтисодиётни эркинлаштириш, бунда давлатнинг ролини камайтириш, бозор механизмларини кенг жорий қилиш ва хусусий секторнинг иштирокини кенгайтиришни тақозо этмоқда.

Куни кеча нашр этилган Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобида хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги давлатнинг стратегик йўли яна бир бор таҳлил қилиниб, унда бу йўналишда амалга оширилган вазифалар билан бир қаторда, келгусида ўтказиладиган ислоҳотлар белгилаб берилди.

Китобда, шунингдек, давлат мулки республика ва муниципиал мулкка таснифланмаган, давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштиришни шаффоф механизмлар орқали амалга оширишни назарда тутадиган, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик ҳужжатлари мавжуд эмаслиги таъкидланди. Мазкур қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, мавжуд норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, қонунларнинг бевосита ишлаш механизмларини кўриб чиқиш Парламент олдида турган навбатдаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, хусусий мулк дахлсизлиги ва уни ҳар қандай тажовузлардан ҳимоя қилиш, кичик бизнес вакиллари ва тадбиркорларга кенг эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш – иқтисодий сиёсатнинг асосий вазифаси бўлиб қолади.

Л.К Ниёзова

Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими

етакчи илмий ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan