Янги маънавий маконни яратишда маҳаллий вакиллик органларининг ўрни – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

“Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт

бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”

 Шавкат Мирзиёев

 Маълумки, бугунги кунда маънавият давлат сиёсати даражасидаги энг долзарб масалалардан бирига айланди. Миллий ғоя, маънавият ва маърифатнинг кучи ҳаётга яқинлиги, бевосита одамларнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилиши билан ўлчанади. Бу амалда халқ билан давлатнинг янада жипслашишига олиб келади. Зеро, халқ давлатга ишонган тақдирдагина жамиятда эзгу ғоялар амал қила бошлайди. Бу маънавиятнинг бирламчи талаби ҳисобланади. Шиддат билан ривожланаётган ҳозирги замонда янги, инновацион тамойиллардан ташкил топган миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, мамлакатимизда маънавий-маърифий тарғибот тизимини тубдан такомиллаштириш, бунда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш ‒ давлат ва халқ олдида турган ўта долзарб вазифалар сирасига киришини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бугун маҳаллий вакиллик органлари самарадорлигини ошириш, давлат бошқарувида жамоатчилик иштироки ва назоратини янада такомиллаштириш муҳим саналади. Бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида айрим муаммо ва камчиликлар ҳамон кўзга ташланмоқда. Амалиётда маҳаллий вакиллик органлари назорат механизмларидан тўлақонли фойдаланмаётганлиги ва мавжуд муаммоларга сабаб бўлаётган омилларнинг бартараф этилишига юзаки ёндашилаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Бу эса, ўз навбатида, бор куч ва имкониятлардан оқилона фойдаланилмаётганлигидан далолатдир.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида асосий эътибор вакиллик назоратини тўлиқ амалга оширишга қаратилган, улар ўз фаолиятига бўлган ишонч, интилиш ва ҳаракат мотивларини янада ошириб, ривожланаётган жамият таянчига айланган ва фаолиятга таъсир этувчи ташқи таъсирларни одилона енгиб ўтган тақдирдагина кутилган натижаларга эришиш мумкин.

Мамлакатнинг ҳар томонлама гуллаб-яшнашига фақат кучли ва адолатли фуқаролик жамияти орқали эришиш мумкин. Бунда барча қарорларни қабул қилишда фуқаролар жамоат бирлашмаларининг фикрлари инобатга олиниши зарурлиги назарда тутилади. Айни пайтда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати институтларининг изчил кучайтирилиши, бошқарув функцияларининг аксариятини халқнинг ўзига, жамоат бирлашмаларига, ўзини ўзи бошқариш органларига, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига бериш мақсадга мувофиқдир.

Кейинги йилларда фуқароларимизнинг давлатга бўлган ишончи кескин даражада ортди. Чунки Президентимизнинг ташаббуси ва одилона бошқарув сиёсати ўлароқ халққа хизмат қилиш ҳар бир давлат тузилмаси ва мансабдор шахсининг кундалик ишига айланди. Юртбошимиз қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, ҳар бир раҳбар ўзи шахсий намуна бўлиши кераклигига, оддий одамларнинг орасида юриб, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаб, муаммоларга ечим топишга, шу тариқа халқни рози қилишга ундаб келмоқда. Бу ҳам фақат ва фақат одамлардаги давлатга бўлган ишончни янада ортишига хизмат қилиб, давлат органларининг, шу жумладан маҳаллий вакиллик органларининг ўрни мустаҳкамланишига замин яратмоқда.

Бу ишларнинг самарасида ҳамда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тобора ўзгариб бормоқда. Юртимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти ҳам тобора ортиб бормоқда. Республикамизда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланиб, амалиётга татбиқ этилди. Ривожланаётган Янги Ўзбекистонда янги маънавий маконни яратишда маҳаллий вакиллик органларининг ўрни ва фаолиятига кенг ўрин берилган. Албатта, улар бу борадаги фаолияти давомида мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга, маънавий-маърифий ишларнинг самарасини оширишга, таъсирчанлик кўлами ва миқёсини янада кенгайтиришга астойдил бел боғлаган.

Куни кеча нашрдан чиққан Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида “..Кучли парламент ва халқ вакиллик органлари – Янги Ўзбекистоннинг таянчидир” деган фикрлар келтириб ўтилган. Янгиланаётган жамиятда янги маънавий маконни яратишда маҳаллий вакиллик органларининг ўрни беқиёс эканлиги тўлақонли таҳлил қилиниб, бу йўналишда амалга оширилган устувор вазифалар билан бир қаторда, келгусидаги режалар ҳам белгилаб берилган.

Мамлакат аҳолисининг, айниқса, ёшларнинг маънавияти тўкис бўлишига эришиш, уларни миллий маданиятимиз ва меросимизнинг бебаҳао хазинасидан баҳраманд этиш, уларнинг қалбида дахлдорлик ҳиссини кучайтириш ва соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини яратишда маҳаллий вакиллик органларининг ўрни ва таъсири беқиёсдир.

 

Жамила ЭШОНҚУЛОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти

Таҳририят-нашриёт бўлими бошлиғи

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan