Дунёда миграциявий жараёнларнинг тобора кескинлашувига аҳолининг ўсиш суръати, турли минтақаларда сиёсий инқироз ва ҳарбий низоларнинг мавжудлиги, айрим давлатларда рўй бераётган табиий ва техноген хусусиятдаги офатлар, глобал пандемия шароити, ривожланаётган мамлакатларда иш ўринлари етишмаслиги ҳамда иш ҳақининг инсонлар кундалик эҳтиёжини қондириш даражасидан ўта пастлиги, ёшлар орасида ишсизликнинг юқори даражаси сақланиб қолаётгани каби омиллар сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётига ҳамда халқаро меҳнат бозорига жадал суръатларда интеграциялашувни амалга ошираётгани ҳеч кимга сир эмас.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йилда дунёнинг турли мамлакатларида яшаётган мигрантлар сони 281 миллион нафардан ошган. Уларнинг аксарияти, яъни учдан икки қисми сайёрамизнинг ривожланган мамлакатлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ўзбекистон Республикасида меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солишга қаратилган янгича ёндашув ва муносабатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 204-бандида, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳамда ташқи меҳнат миграцияси бўйича ваколатли давлат органларига янги вазифалар белгиланганлиги соҳанинг ривожланишида муҳим туртки бўлди.
Юқоридаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда, хорижда ишлаётган Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига нисбатан давлатимиз томонидан муносабат ўзгариб, улар билан мулоқот ўрнатилди.
Меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солувчи янги тизим жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли асарида ушбу соҳани ривожлантириш бўйича қуйидаги стратегик йўналишларни белгилаб берди.
Биринчи йўналиш. Хориждаги ватандошларимиз, ўзбек диаспоралари ва уларнинг жамоат ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини қамраб олиб, унда:
биринчидан, ватандошларимизни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳамда истиқомат қилаётган мамлакат қонунлари асосида ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш;
иккинчидан, ватандошларимиз томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва рағбатлантириш;
учинчидан, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз дуч келаётган муаммоларни тизимли асосда таҳлил қилиб бориш, мураккаб вазиятга тушиб қолганларга моддий, ижтимоий, ахборот ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;
тўртинчидан, хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилишни оммалаштириш ҳамда олим ва ижодкор ватандошларимизнинг илмий, ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш;
бешинчидан, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни Ўзбекистонда тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб этиш;
олтинчидан, хорижда таълим олаётган Ўзбекистон ёшлари билан тизимли ишлашни йўлга қўйиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига институционал янги ёндашув ҳисобланади.
Иккинчи йўналиш. Ўзбекистон Республикаси Халқаро миграция ташкилоти аъзоси сифатида мигрантларга ёрдам бериш механизмларини такомиллаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш, одам савдосига қарши курашиш, ушбу соҳалардаги минтақавий ва глобал ташаббусларда фаол иштирок этиш ва меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича икки ва кўп томонлама халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдир.
Учинчи йўналиш. Хорижга кетишдан олдин касб-ҳунар ва хорижий тиллар бўйича ўқитиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро сертификатларни бериш ва меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиётини кенгайтириш белгиланди.
Тўртинчи йўналиш. Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, унда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва касбий малакасини ошириш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳисобланди.
Юқоридагиларга асосан, парламентимиз томонидан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини тартибга солишга оид қуйидаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:
биринчидан, миграция сиёсатига оид давлат дастурини қабул қилиш.
Унда узоқ ва яқин муддатларга белгиланган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва институционал ислоҳотларни амалга ошириш;
иккинчидан, БМТнинг 2018 йил 11 декабрдаги “Миграция бўйича Глобал шартномаси”га қўшилиш ва унда белгиланган 23 та мақсаддан келиб чиққан ҳолда миллий қонунчиликни такомиллаштириш;
учинчидан, “Миграция тўғрисида”ги, “Меҳнат миграцияcи тўғрисида”ги ва “Қочоқлар тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси миграция сиёсатини амалга ошириш бўйича қабул қилинадиган давлат дастури мигрантлар, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек меҳнаткаш мигрантлар ҳуқуқларини тизимли равишда ҳимоялаш асослари ва механизмларини янада такомиллашишига хизмат қилади.