Қонун лойиҳаси аҳоли ўртасида бевосита ва очиқ муҳокамалар жараёнида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бугун Наманган вилоятида “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган учрашувлар ўтказилди.

Вилоят касаба уюшмалари биносида ҳамда Эндокринология марказида ташкил этилган бевосита мулоқотлар Қонунчилик палатаси депутатлари М.Ибрагимова, У.Жабборов, М.Ахмедова ва О.Отахоновалар, Парламент ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти масъул ходими Б.Собиров ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Х.Думанов таркибидаги ишчи гуруҳ томонидан олиб борилди.

Тадбирларда халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши вакиллари, ҳудудлардаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, соҳа мутахассислари, жарроҳлар, фаоллар, бошқа масъуллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Муҳокамаларда депутатлар томонидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати, унинг мазмуни, моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Таъкидландики, инсон аъзолари трансплантациясининг қонуний асосларини яратишни замоннинг ўзи тақозо қилмоқда. Масалан, жигар, буйрак, юрак, ўпкани кўчириб ўтказиш бўладими, буларнинг бари инсонни ҳаётга қайтаришга қаратилган эзгу ҳаракатлар ҳисобланади. Мамлакатимиз тиббий амалиётини олиб қарайдиган бўлсак, ҳанузгача кўп сонли фуқароларимиз бу масалада чет давлатлар тиббий муассасалари ва мутахассислари хизматларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Бироқ, очиқ айтиш керак, катта маблағ талаб этиладиган бундай жарроҳлик амалиётлари учун ҳаммадаям имконият етарли эмас.

Эътиборлиси, сўнгги йилларда юртимизда бу каби нозик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари республикамиз тиббиёт марказларида ҳам муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.

Шу нуқтаи назардан, юртимизда бу борадаги эҳтиёж ва таклифлар, ривожланган давлатлар тажрибаси, миллий ва диний қадриятлар эътиборга олинган ҳолда мазкур Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ҳамда айни кунларда ҳудудларда депутатлар, мутахассислар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида қизғин муҳокама қилинмоқда.

Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, вилоятда бугунги кунда 894 нафардан ортиқ сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган беморларни бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олиш учун 46 та гемодиализ аппаратлари ишчи ҳолатда фаолият олиб бормоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали марказлашган ҳолда 11 та гемодиализ аппаратлари олиб келиниб, уларнинг 10 таси Уйчи туманига ва 1 таси Република шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига ўрнатилган, 1 та сув тозалаш мосламаси, 1 та миксер, 31 989 комплект диализатор берилган.

Бундан ташқари, ҳомий тадбиркор томонидан Косонсой туманига 2 та гемодиализ аппаратлари ўрнатилган ва бугунга қадар 260 нафар беморда сеанслар ўтказилган.

Буйрак трансплантациясини бошлаш учун вилоят муассасалари мутахассисларининг 2021 йил давомидаги ташриф жадвали тасдиқланиб, унга мувофиқ шу йилнинг 2-12 февраль кунлари 14 нафар буйрак трансплантация жарроҳлик амалиётига муҳтож беморлар рўйхати шакллантирилган, уларнинг 3 нафарида трансплантация жарроҳлик амалиёти РШТЁИМда ўтказилган.

Жорий йилнинг 6 ойида Чортоқ, Поп, Янгиқўрғон туманларидан ва Фарғона вилоятидан жами 7 нафар беморларда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти илк бор вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида муваффақиятли амалга оширилган.

Шу блан бирга, вилоятда 2019 йилдан буён сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган ва буйрак трансплантацияси амалга оширилган беморлар вазирлик томонидан ажратилган жами 2 млрд 437 млн сўмдан зиёд, шу жумладан, биргина ўтган август ойининг ўзида 148 млн сўмдан ортиқ маблағлар ҳисобидан зарур дори-дармонлар билан бепул таъминланган.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса бу каби тиббий муолажалар кўлами ортишига ва сифат жиҳатдан юксалишига, асосийси, беморларнинг бу борадаги муаммолари ечим топишига замин яратади.

Очиқ мулоқотларда мутахассислар ва фаоллар томонидан таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди.

Ўтказилаётган муҳокамалар қонун лойиҳасининг ҳаётий ва халқчил нормалар билан бойитилишига, пировардида, янада такомилига етказилган ҳолда қабул қилинишига хизмат қилади.

Қонунчилик муаммолари институти

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan