Бозор иқтисодиётини тартибга солишнинг замонавий тенденциялари: миллий ва хорижий тажриба таҳлили – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

“Ўзбекистонда юридик таълим ва фаннинг ривожланиш истиқболлари: миллий ва хорижий тажриба” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция Тошкет давлат юридик университети ташкил этилганлигининг 30 йиллик юбилейига бағишлаб ўтказилди. Конференциянинг тўртинчи сессияси “Бозор иқтисодиётини тартибга солишнинг замонавий тенденциялари: миллий ва хорижий тажриба” таҳлилига бағишланди. Унинг муҳокама мавзуси ҳозирги глобаллашув даврида бозор иқтисодиётини тартибга солишда турли давлатлар ёндашувлари бўйича тажриба алмашиш, муаммоларни муҳокама қилиш ва тегишли ечимлар бўйича фикр алмашишга қаратилди.

Сессияда дунёнинг нуфузли университетлари профессор олимлари турли мавзуларда, жумладан Гонконг университети профессори Томас Ченг “Ривожланаётган давлатларда рақобат ҳуқуқи”, Кобе университети профессори Фуджио Кавашима “Япон монополияга қарши курашиш қонунини қўллашда сўнгги ўзгаришлар”, Қатар университети Ҳуқуқ коллежи доценти Эндрю Дахдал “Рақамли иқтисодиётни қуришда Ўзбекистон учун ҳуқуқий стратегиялар”, Анқара университети Ҳуқуқ факультети декани, профессор Хайри Бозгейик “Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда Туркия тажрибаси” мавзуларида маъруза қилдилар.

Миллий ҳуқуқшунос олимлардан Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Оманбай Оқюлов “Рақамли иқтисодиётни фуқаролик ҳуқуқий таъминлаш масалалари”, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори, юридик фанлар номзоди, профессор Худойкул Азизов “Хусусий мулк дахлсизлиги ва кафолатларини кучайтиришнинг долзарб масалалари”, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бошлиғи, юридик фанлар номзоди, профессор Восид Эргашев “Ашёвий ҳуқуқлар тизимини шакллантиришнинг долзарб масалалари”, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби кафедра мудири, юридик фанлари доктори Илхом  Насриев “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини такомиллаштиришнинг айрим масалалари”, Тошкент давлат юридик университети профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Замира Эсанова “Янги Ўзбекистонни ислоҳ қилиш шароитида фуқаролик суд ишларини юритишни такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари: фан ва амалиёт” мавзуларида маъруза қилишди.

 

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлари доктори Фозилжон Отахонов иштирок этди ва ўзининг “Бозор иқтисодиёти шароитида низоларни муқобил ҳал этишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги маърузасида низоларни муқобил ҳал этишнинг медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро тижорат арбитражи каби воситаларнинг ҳуқуқий асослари, амалиёти ва бу соҳадаги долзарб муаммоларни ёритиб ўтди. Шунингдек, бозор иқтисодиёти шароитида низоларни муқобил ҳал этишга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш ҳамда янги авлод дарсликларини тайёрлаш бўйича илмий-амалий таклифларни илгари сурди.

Сессия иши савол-жавоблар тарзида ва қизғин илмий баҳс-мунозаралар билан ҳамда сермазмун тарзда  ўтди.

Конференция якунлари бўйича чоп этиладиган тўпламга киритиш учун тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Валишер Давлятов

Қонунчилик муаммолари институти бош илмий ходими,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan