Тадбир таклифларга бой бўлади – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Қонунчилик палатаси депутатлари, парламент ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан водий вилоятлари бўйлаб ўтказилаётган тадбирларнинг бу галгиси Андижон тиббиёт институтида бўлиб ўтди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари, вилоятдаги тиббий муассасалар раҳбарлари, соҳа мутахассислари, фаоллар, талабалар ва диний ташкилотлар ходимлари қатнашган очиқ мулоқотда мамлакатимиз тиббиёт тизимида муҳим йўналиш саналган трансплантология масалалари, хусусан, Олий Мажлис қуйи палатасида навбатдаги ўқишга тайёрланаётган «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси моддама-модда муҳокама қилинди.

Жараён мазкур ҳужжатнинг зарурати, моҳияти ва аҳамияти юзасидан қизғин мунозараларга айланиб кетди.

Бу каби жарроҳлик амалиётидан ўтган фуқароларнинг операциягача ва ундан кейинги дастлабки ойларда кўрган-кечирганлари, руҳий кечинмалари ва айни дамдаги саломатлиги аҳволи ва шу асосда қонун лойиҳаси ҳамда бу борадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан билдирган фикр ва таклифлари йиғилганларни чуқур мушоҳада қилишга ундади.

Муҳокамалардан сўнг тадбир жараёни иштирокчиларнинг депутатлар билан мавзу бўйича алоҳида суҳбатларига уланиб кетди.

Шундан кейин депутатлар Институт клиникасида даволанаётан гемодиализга муҳтож беморлар билан учрашди. Уларнинг аҳволи ва яратилган шароитлар ўрганилиб, қонун лойиҳаси юзасидан фикрлари эшитилди.

Тадбир долзарблиги ҳамда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича асосли мулоҳазаларга ва ҳаётий таклифларга бой бўлгани билан барчада катта таассурот қолдирди.


Б.Собиров,
Қонунчилик муаммолари институти масъул ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan