Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ доирасидаги халқаро ташаббусларини амалга оширишда парламентнинг роли – Парламент тадқиқотлари институти
БМТ Ўқув маркази Янгиликлар

2021 йил 22 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ доирасидаги халқаро ташаббусларини амалга оширишда парламентнинг роли” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган тадбирда Олий Мажлис палаталари депутатлари, Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари, Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари, Марказий Осиё Халқаро институти, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ёшлар парламенти вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур давра суҳбатини ўтказишдан асосий мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ доирасида илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишда Олий Мажлис томонидан олиб борилаётган ишларни сарҳисоб қилган ҳолда бу борада келгусидаги вазифаларни аниқлаштириб олишдан иборат.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева модераторлик қилди ва ўз нутқида сўнгги йилларда БМТнинг юксак минбари Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик энг долзарб масалалар юзасидан мамлакатимиз нуқтаи назарини баён қилиш ва муҳим ташаббусларини илгари суриш учун ўзига хос “майдон”га айланганини алоҳида таъкидлади.

Давра суҳбатида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов “Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ доирасидаги халқаро ташаббуслари ва уларни ҳаётга тадбиқ этишда Олий Мажлис Сенатининг иштироки”, Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Жаҳонгир Мамажонов, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ доирасидаги халқаро ташаббуслари ва уларни ҳаётга тадбиқ этишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг иштироки”, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ғайрат Фозилов “Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги ташаббусларини амалга оширишда парламент дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу минбар орқали бир неча бор, жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида (2017 йил сентябрь), БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида (2020 йил сентябрь) ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида (2021 йил февраль) БМТ Бош Ассамблеясининг 76 сессиясида (2021 йил сентябрь) иштирок этиб, Ўзбекистоннинг муҳим ташаббусларини илгари сурди. Хусусан, Президентнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги маърузасида илгари сурилган аниқ таклиф ва улуғвор ташаббуслар ўзининг ниҳоятда долзарблиги, кенг қамровлилиги, энг муҳими, нафақат Ўзбекистоннинг, балки барча қўшни давлатлар ва асосий ҳамкорларимизнинг манфаатларини ҳам бирдек қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Таъкидланганидек, дунё жамоатчилигининг диққат-эътиборини ўзига тортган ушбу нутқда мамлакатимизнинг муҳим таклиф ва ташаббуслари эълон қилинди. Улар ичида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш; давримизнинг долзарб глобал ва минтақавий муаммолари ва уларнинг ечимларини муҳокама қилиш учун қатор халқаро анжуманларни ташкил қилиш, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш; Афғонистон масалалари билан шуғулланувчи ва БМТ ҳузурида доимий фаолият юритувчи махсус қўмита тузиш, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш кабиларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.

Ушбу ташаббусларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва парламентининг алоҳида-алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқилган бўлиб, улар ҳозирги кунда кенг татбиқ этилмоқда. Чунончи, БМТ Бoш Ассaмблeясининг 75-сeссиясидa илгaри сурилгaн тaшaббуслaрни пaрлaмeнтлaрaрo дaрaжaдa тaрғиб қилиш мақсадида  Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг 2021 йил 26 февралдаги Қўшма қарорига мувофиқ “йўл харитаси” тасдиқланди ва у бугунги кунда ҳаётга жорий этилмоқда.

Тадбирда қайд этилишича, “йўл харитаси”га мувофиқ жорий йилнинг
23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзуида халқаро форум ўтказилди. Бундан ташқари, халқаро парламентлараро уюшмалар доирасида, хусусан, Парламентлараро Иттифоқ, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси сессияларида ва бошқа қатор анжуманларда Президент ташаббусларининг мазмун-моҳияти ҳақида халқаро жамоатчиликни кенг хабардор қилиш баробарида уларни рўёбга чиқариш бўйича ўзаро ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси парламенти аъзоларининг хорижий мамлакатларга расмий ташрифлари доирасида ҳам халқаро жамоатчиликни мазкур ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилувчи анжуман ва тадбирлар ташкил этилмоқда.

Тадбирда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ  Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида қадимий Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этиш, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган Халқаро конференция ўтказиш, БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йили Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш ҳамда унда БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш каби таклиф ва ташаббуслар илгари сурилганлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Давра суҳбати якунида БМТ доирасидаги халқаро ташаббусларини амалга оширишда парламент томонидан амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб қилиш асосида ушбу йўналишдаги фаолиятни бундан кейин ҳам изчил давом эттириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan