Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш учун ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш – давр талаби – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланиши учун ҳуқуқий муҳит” мавзусидаги давра суҳбати ушбу масалалар муҳокамасига бағишланди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, “Тараққиёт стратегияси” маркази, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Ушбу тадбирнинг асосий мақсади фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларига қулай ҳуқуқий муҳит яратиш бўйича қонунчилик ташаббусларига фуқаролик жамиятини янада фаол жалб қилиш учун тажриба алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Давра суҳбатини “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури раҳбарининг ўринбосари Рахима Назарова кириш сўзи билан очиб бердилар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Бекзод Чулиев “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланиши учун ҳуқуқий муҳитни яхшилайдиган қонун ва янги норматив ҳужжатлар” мавзусида маъруза қилди ва унда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг эркин
ва барқарор ривожланиши учун қулай ҳуқуқий муҳит яратилганлигини таъкидлади.

Қайд этиш лозимки, юртимизда сўнгги даврда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда. Ҳозирги кунга келиб бу соҳага оид  20 дан ортиқ қонун, фармон ва ва қарорлар қабул қилинган.

Статистик маълумотларга кўра, 1991 йилнинг 1 январь ҳолатига республикада 95 та нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатган бўлса, 2000 йилнинг 1 январига келиб уларнинг сони 2585 тани, 2016 йил 1 январь ҳолатига кўра – 8417 тани, ҳозирга кунда эса 9200 тага яқинни ташкил этмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари манфаатларини ифода этиш, давлат билан улар ўртасида кўприк вазифасини бажаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситаларини жорий этиш мақсадида давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов давра суҳбатида ўз маърузаси билан иштирок этди ва мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг янгича қиёфада намоён бўлишига сабаб бўлган туб ислоҳотларнинг таҳлилига тўхталиб ўтди.

 

Хусусан, жорий йилнинг 4 март куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сон Фармони ҳам юртимизда сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга давлат сиёсатида алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

Маърузада таъкидланганидек, қонун ҳужжатларида қонун лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлари, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари, Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат қўмиталари ҳузуридаги эксперт гуруҳлари, нодавлат нотижорат ташкилотларида тузилган экспертлар гуруҳлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти қошидаги Илмий-эксперт кенгаши ишида фуқаролик жамияти иштирокининг институционал кўринишлари сифатида акс эттирилган.

Бундан ташқари маърузачи фуқаролик жамияти институтларининг норма ижодкорлигида иштирокини таъминлашдаги долзарб масалалар ва улар юзасидан айрим ечимларга тўхталиб ўтди.

 

Шунингдек, тадбирда қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари О.Исаков, Д.Махамадалиева, В.Аширова, Н.Камолова, Ш.Фармоновалар муҳокамада иштирок этиб, сўнгги йилларда фуқаролик жамияти институтларига яратилаётган шароитларни эътироф этиб, нодавлат нотижорат ташкилотларини янада жонлантириш учун қабул қилиниши
ва такомиллаштирилиши зарур бўлган қонунлар тўғрисида таклифлар билдирдилар.

Қизғин баҳс-мунозаралар майдонига айланган давра суҳбати иштирокчилари мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлдилар.

Тадбир якунида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада ислоҳ қилиш ҳамда уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан самарали мулоқот механизмларини такомиллаштириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

Жўрабаев Бекзод,

Давлат ва жамият қурилиши соҳасида тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan