



Бугун ушбу мавзуга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, USAID халқаро ташкилоти ва “Mehr ko‘zda” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорлигида ташкил этилган мулоқот онлайн ва офлайн тарзда олиб борилди.
Унда Парламент Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги ва бошқа қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов, бўлим бошлиғи Д.Рахманов ва бўлим етакчи илмий ходими Б.Собиров онлайн қатнашишди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламида имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масаласи устувор аҳамиятга эга. Жараёнда бу соҳадаги қонунчилик замон талабларига мослаштирилиб, такомиллаштирилиб борилмоқда. Ўз навбатида, давлат имконияти ва кўмагини ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар ва дастурлар ишлаб чиқилган ҳолда уларни ҳаётга татбиқ этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Қамров жиҳатдан кенг тушунча бўлган ногиронлик масаласига унинг тури, даражасига қараб алоҳида ёндашув талаб қилинади. Шу боис кўзи ожизлиги, эшитиш ва гапиришдаги ёки танасининг ички ва ташқи қисмидаги нуқсони туфайли ногирон бўлган шахслар бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқиш ва ёрдамлар бериш масаласи давра суҳбатида ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан муҳокама қилинди.
Ташкилотчилар маълум қилишларича, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ва USAID халқаро ташкилоти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзолаган келишув Меморандуми доирасида “Mehr ko‘zda” ННТ билан ҳамкорликда маҳаллаларда яшаётган эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган фуқароларнинг муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилган. Натижалари бўйича мутахассис экспертларнинг хулосалари тайёрланиб, мавжуд муаммолар юзасидан таклифлар ҳам ишлаб чиқилган.
Шу билан бирга, маърузачилар томонидан мутасадди давлат органлари, вазирлик ва идоралар томонидан эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган фуқароларнинг таълим олиш кафолатлари, таълим сифати, уларни иш билан таъминлаш масалалари, реабилитация қилишнинг замонавий усуллари ҳамда уларга яратилган шароит ва имтиёзлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Соҳа мутахассислари маълумотларига кўра, “Mehr ko’zda” ННТнинг “Тошкент шаҳрида ижтимоий инновациялар асосида нутқи ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларга юридик хизмат кўрсатиш” лойиҳаси USAID халқаро ташкилоти томонидан молиялаштирилган бўлиб, амалга оширилган ишлар натижасида ҳозирги кунга қадар:
1. Ҳуқуқий ёрдам марказларида нутқи ва эшитиш қобилияти чекланган шахслар учун 2800 дан зиёд бепул юридик ёрдам кўрсатилган;
2. Нутқи ва эшитиш қобилиятида нуқсони бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, ўрнатилган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилган;
3. Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида” 2018 йил 31 январдаги 70-сон қарорига қўшимчалар киритиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган;
4. Тошкент шаҳрида нутқи ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларга бепул юридик маслаҳатлар беришда ёрдамчи – кўнгиллилардан 60 нафар сурдо таржимонлар икки ойлик курсларда ўқитилган.
Мазкур давра суҳбатининг долзарблиги лойиҳа доирасида ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилган тадбирларнинг ютуқ ва камчиликларини муҳокамадан ўтказиш ва сарҳисоб қилиш орқали истиқболли режалар ва вазифаларни белгилаш учун имконият яратганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Б.Собиров,
Қонунчилик муаммолари институти